Саудия Арабистони Россия билан Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида имзоланиши кўзда тутилган келишув бекор бўлгач барча турдаги нефтнинг нархини арзонлаштирди. Бу ҳақда Reuters хабар қилган.
Суадия Арабистонининг Saudi Aramco давлат нефть корхонаси Осиё учун апрель ойида бериладиган нефть нархини баррель учун 4-6 АҚШ долларига арзонлаштирди, АҚШ учун баррелга 7 доллар, шимоли-ғарбий Европа учун баррелга 8 доллар деб белгилаган.
Bloomberg нашри манбаларига кўра, Саудия Арабистони апрель ойида нефть ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам оширади. Ҳозир суткасига 9,7 миллион баррель бўлган кўрсаткич 10 миллион баррелдан оширилиб, зарурат бўлганида, рекорд даража — суткасига 12 миллион баррелга етказилади.
Экспертларнинг фикрича, Саудия Арабистонининг ушбу тактикаси Россия ва бошқа нефть экспорт қилувчи давлатларга босим ўтказиш ва уларни Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти билан музокараларга қайтаришга қаратилган.
Россия ва Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти 6 март, жума куни, нефть ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича амалдаги келишувни узайтирмаган. Оқибатда апрель ойидан бошлаб барча чекловлар бекор қилинади.
Келишув амалга ошмагач нефть нархи бир кун ичида қарийб 9 фоизга арзонлашган. Бу охирги 11 йил ичида бир кунда кузатилган нархнинг энг юқори пасайиши бўлди. Saudi Aramco’нинг капитализацияси IPO нархларидан ҳам паст қийматда баҳоланган.
Изоҳ (0)