Мисрда Нил дарёси бўйлаб Асуандан Луқсор томон сузувчи Luxnor Nile круиз лайнерининг 45 нафар йўловчисида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди. Бу ҳақда Миср соғлиқни сақлаш вазири Ҳала Зайд маълум қилди.
Зайд хонимнинг сўзларига кўра, беморларнинг 19 нафари чет эл фуқаролари. Кема бортида умумий ҳисобида 171 киши, жумладан, 101 нафар хорижлик ва 70 нафар Миср фуқароси бўлган.
Мисрда янги турдаги коронавирус билан касалланиш ҳолати илк бор 14 февраль куни аниқланган эди. Вируснинг ташувичиси чет эл фуқароси экани айтилган эди.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекциясининг тарқалиши дастлаб 2019 йил декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида аниқланган эди. Кейинчалик касалланиш ҳолатлари Япония, Жанубий Корея, Австралия, Канада, Германия, Франция, Испания, Италия, Буюк Британия, Швеция, АҚШ, Россия, Канада, Тайван, Филиппин, Сингапур, Малайзия, Непал ва бошқа бир қатор давлатларда қайд этилди.
South China Morning Post ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 104 мингдан ошган. Хусусан, Жанубий Кореяда 7041 та, Италияда 5883 та, Эронда 5823 та, Францияда 949 та ҳолат рўйхатга олинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминларига кўра, COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиши ёзда ҳам тўхтамайди. Ташкилот ижрочи директори Майкл Райаннинг таъкидлашича, вирус турли иқлим шароитларида қандай ривожланиши борасида ҳозирча шифокорларда ҳеч қандай маълумот йўқ.
Изоҳ (0)