Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Этика қўмитаси қарорига кўра, Суперлиганинг 1-тур учрашувларидан сўнг «Бухоро» футбол клуби бош мураббийи Мухсин Муҳаммадиев ҳамда «Навбаҳор» футбол клуби ўйинчиси Иван Соловёвга нисбатан жазо тайинлади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, «Қўқон-1912» – «Бухоро» учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжумани вақтида меҳмонлар устози Мухсин Муҳаммадиев учрашув ҳакамларининг ўйин давомида қабул қилган қарорларини ҳақорат қилиб, бу билан Ўзбекистон профессионал футбол клублари учун 2020 йилги мусобақаларни ўтказиш Регламентида белгиланган учрашув расмий шахсларига нисбатан протест ва шикоят билдириш тартибига риоя қилмагани учун унга нисбатан Интизом кодексининг 2-бўлим 5.39-бандига мувофиқ моддий жарима белгиланди.
Шунингдек, «Пахтакор» – «Навбаҳор» учрашувидан сўнг ижтимоий тармоқларда учрашув бош ҳаками шаънига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун наманганликлар футболчиси Иван Соловёвга Интизом кодексининг 2-бўлим 5.38-бандига мувофиқ моддий жарима белгиланди.
Аввалроқ ЎФА ҳакамлик қўмитаси 2 март куни «Пахтакор» — «Навбаҳор» учрашувини бошқарган Илгиз Танташевни мазкур баҳс давомида йўл қўйган хатолари учун бир ой муддатга Суперлига ўйинларидан четлатиб, қуйи лигага бадарға қилган эди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)