«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
Русларга «дўзах чуқури» нега керак бўлиб қолди?
Ер марказига олиб борувчи дарвоза Россиянинг Норвегия билан чегараси яқинидаги Мурманск вилоятида жойлашган. Одам қазиган бу қудуқ бир боқишда аҳамиятсиздек туюлади. Маҳаллий аҳолининг билдиришича, қудуққа қулоқ тутилса, унинг қаъридан одам фарёди эшитилар экан. Маҳаллий аҳоли бу қудуқни «дўзахга йўл» деб атаб олган, деб ёзади The The Scientific American нашри.
Бу қудуқнинг диаметри бор-йўғи 23 сантиметр. Унга одам тушиб кета олмайди. Коладаги бу чуқур қудуқ 20 йил давомида қазилган. Унинг чуқурлиги — 12 минг 262 метр. Олимлар унинг чуқурлигини 14 минг метрга етказишни мўлжаллаган эди. Лекин кутилмаганда улар юқори даражадаги иссиқликка дуч келиб, қазиш ишларидан воз кечди. 12,2 минг километр чуқурлик тубида 2,7 миллиард ёшдаги жинслар жойлашган, уларнинг температураси эса Цельсий бўйича 180 даражага етади. Бу олимларнинг тахминидан икки баробар кучли бўлиб чиқди. Бундай ҳароратда қувурлар ва ускуналар деформацияга учрай бошлайди. Бу ерда ишлаган олимларнинг фикрича, жинслар бу ерда тошдан кўра пластикка ўхшаб қолган.
1992 йилда бу ерда қазиш ишлари бутунлай тўхтатилган ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Аммо у дунёдаги энг чуқур қудуқ бўлиб қолмоқда. Шундан бери қудуқлар қазиб келинади. Қатарда, Сахалинда қудуқлар қазилди. Аммо Кола қудуғи машҳурлик борасида барибир етакчи.
Бундай чуқурлар нега керак бўлиб қолди?
Бунинг бир қатор сабаблари бор. Аввало, ёнувчи қазилмалар ва металлар олиш. Юта штатидаги Солт Лейк Сити шаҳри яқинидаги тоғларда жойлашган мис кони 100 йил мобайнида 1 200 метрга етган; кенглиги — 400 метр. Ҳозирда ишламайдиган Жанубий Африкадаги Кимберли олмос конининг чуқурлиги 215 метр бўлиб, одам томонидан ўйиб олинган энг чуқур ўралардан бири бўлиб қолмоқда.
Иккинчидан, инсонлар бундай чуқурларни фан туфайли қазийди. Кичик массали атом зарралари бўлмиш нейтринони топиш учун олимлар ускуналарини чуқур ер остига жойлаштиради. Нейтринонинг заиф сигналларини ер устида аниқлаш имкони йўқ. Мисол учун, Висконсин университети олимлари Жанубий қутбдаги Нейтрон расадхонасида тажрибаларини 4 километр чуқурликдаги ўта иссиқ сув туфайли ҳосил қилинган муз остида олиб борган.
Коладаги чуқур қудуқ ҳам илм-фан йўлида қазилган. Совет олимлари сайёранинг ер қобиғи қандай ҳосил бўлган каби саволларга ечим топиш истагида бўлган. Албатта, бунда ким кўпроқ ер остига кириб бориш пойгаси ҳам ўзига хос туртки берган.
1958 йилда америкаликлар Мексиканинг Тинч океани қирғоқларида Ер мантиясига етиб бориш учун қудуқ қазий бошлаган эди. Аммо АҚШ Конгресси 1966 йилда бу лойиҳани молиялаштиришни тўхтатиб қўйган. Америкалик олимлар 183 метрли чуқур қазий олган холос.
90 йилларда немис олимлари ҳам Баварияда 9,5 километрли чуқур қазиган. Улар сейсмик плиталар ва 315 даражадаги иссиқ ҳароратни аниқлаган. Уларнинг ишлари ҳам молиявий масала туфайли тўхтаб қолган.
Япония компанияси томонидан ҳам океан тубида қазилган энг чуқур қудуқлардан бири 2010 йили портлаш натижасида лойиҳа барбод бўлган.
Қудуқ қазиш пойгаси эса тўхтагани йўқ. Кимдир Кола қудуғидан-да чуқурроқ қудуқ қазишга муваффақ бўлармикан?
Коронавирусни тўхтатиб бўлмайдими?
Covid-19 вирусининг «муваффақиятли» юриши давом этмоқда ва уни тўхтатиш мумкин эмасдек туюлмоқда, деб ёзади The Science нашри.
Ўтган ҳафта вирус Эронда оммавий тус олди, қўшимчасига Уммон, Баҳрайн ва Ироқда ҳам юқиш ҳолатлари аниқланди. Италия шимолида ўнлаб шаҳарларда вирус туфайли карантин эълон қилинди. Бир италян шифокори скандинавлар дам олишни хуш кўрадиган Испаниянинг Тенерифе оролига вирус олиб келди. Австрия ва Хорватияда касаллик ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар тарқалди. Бу орада вирус Жанубий Кореяда авж олиб кетди. Саёҳат кемаси карантинга олинганидан сўнг вирус борасида Япония матбуоти хабар бера бошлади.
Эҳтимол, вирус сездирмасдан бошқа кўп жойларда ҳам тарқалмоқда. Лондондаги Империя коллежи моделлаштириш гуруҳининг хулосаларига кўра, «Хитойдан экспорт қилинган вирус»нинг учдан икки қисми аниқланмаган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия атамасидан қочиб, бу инқирозни дунёнинг турли бурчакларида эпидемиянинг такрорланиши деб айтмоқда. Лекин кўп олимлар бу қандай аталмасин, вирус тарқалишининг олдини олиш имконияти қолмаганини айтмоқда. Оксфорд университети эпидемиологи Кристофер Дай «вирус Хитойдан чиқиб кетгани боис уни тўхтатиб қолиш борасида пессимист бўлиб қолаётганлигини» таъкидлади. Нэнси Мессон «Америка жамоатчилиги билан ҳамкорлик қилишини ва вазият ёмонлашувига тайёр бўлиш»га чақирди.
Шу пайтга қадар вирусни бир ҳудудда ушлаб туришга аҳамият берилди. Хитойда вируснинг ёйилишини секинлаштириш борасида чегарадан ўтганлар, улар билан алоқа қилганлар икки ҳафтагача карантинда ушлаб турилди. Агар SARS — Cov-2 деб номланган вирус дунёвий тус олган экан саёҳат-у сафарларни вақтинча бекор қилиш, мактабларни беркитиш, шифохоналарни тайёрлаш миллиончи шаҳарларни карантинга олишдан-да самаралироқ.
АҚШ Хавфсизлик кенгашининг биологик ҳимоя бўйича эксперти Лучано Бориа чегаравий тадбирлар вирусга қарши курашишда кам наф бериши, асосий эътибор вирус оқибатларини камайтиришга қаратилиши борасида фикр билдирди.
Ҳафта бошида вирус билан касалланганлар сони 80 минг кишидан ошиб кетди. Ўлим ҳолати 2 705 марта қайд этилди. Бунинг 97 фоизи Хитойда содир бўлди. Айрим мамлакатлар Хитойга парвозларни бекор қилди. АҚШ кейинги пайтда Хитойга борган барча америкаликларни карантинга олмоқда. Бир қатор мамлакатлар Жанубий Корея ва Эронга нисбатан ҳам парвозларни тақиқлади. Айрим олимлар ушбу чоралар маълум даражада фойда берганини, акс ҳолда вирус яна кўплаб инсонларга юқиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.
Аксар эпидемиологлар саёҳатларни тақиқлаш билан вақтдан ютиб бўлмайди, деган фикрда. Тақиқлар кўпинча ёқимсиз оқибатларга олиб келади. Зарур дори-дармонларни етказиб бериш ва жамоатчилик ишончига зиён келтиради. Вирус тарқалган мамлакатлар сони кўпаяр экан, вирусни чегарада ушлаб туриш натижаси камайиб бораверади. Хитой иқтисодиёти Covid-19 сабаб улкан зарар кўрди. Хитой дори-дармонлардан тортиб мобил телефонларгача маҳсулотларни экспорт қилади. Ишлаб чиқаришдаги тўхташлар етказиб бериш занжирини узиб қўяди.
Хитойдаги халқаро миссия раҳбари Брюс Эйлвард маҳаллий чоралар ёрдам беришига ишонмоқда. Унинг фикрича, Хубэйдаги карантин ҳолати Хитойда касалланганлар сони 100 мингдан кўпайишининг олдини олди.
Жоржтаун университети соғлиқни сақлаш ҳуқуқий маркази эксперти Лоуренс Гостин ички чекловлар одамийлик нуқтаи назаридан Хитойга қимматга тушди деган фикрда. У Хубэй вилояти аҳолисининг руҳий саломатлигидан хавотирда.
Хитой стратегиясининг айрим жиҳатларидан бошқа мамлакатлар фойдаланиши мумкин. Хитой кўрган чоралардан самара берганлари жамоат транспортини тўхтатиш, кўнгилочар муассасаларни ёпиш, йиғинларни тақиқлаш бўлди. Бу вирус тарқалишининг камайишига олиб келди.
Бўлғуси касаллик билан боғлиқ воқеаларга яхшироқ тайёрланиш учун шифохоналарда олдиндан ниқобларни тайёрлаб қўйиш, қўшимча койкалар сонини ошириш, грипп каби касалликларга қарши вакциналар миқдорини кўпайтириб қўйиш, аҳоли ўртасида қўлларни тозалаб ювиш, ташқарига чиқмаслик ҳақида огоҳлантириш лозим. Барча гап тезкор чоралар кўра билишда.
Путин рус иқтисодиётини бошқараётганларни силтаб қўйиши керакми?
Ўтган ой Путин суст ўсаётган Россия ялпи ички маҳсулотини тезлатиш мақсадида бир неча сиёсатчиларни ишдан бўшатди ва 1,6 триллион долларлик иқтисодиётни бошқараётганлар сафини ўзгартирди, деб ёзади The Financial Times нашри.
Эски ёрдамчиси, амалдаги ўринбосари Медведев бош вазирликдан кетди, молия вазири эса қўшимча бош вазир ўринбосари мансабидан маҳрум бўлди.
Қатъиятли бюрократ, яқиндагина мамлакат солиқ тизимини ислоҳ қилган шахс бош вазирлик лавозимига тайинланди. Бундан ташқари, давлат харажатларини кўпайтиришга мойил икки ёрдамчи тайинланди.
Кадрлар ўзгариши ортидан, коронавирус таъсир қилган бўлса-да, мамлакатнинг фонд бозори ўсди. Аммо вазирлар ва маслаҳатчилар Кремль иқтисодий ҳокимиятининг ягона пишанглари эмас. Давлатнинг энг йирик компанияларига раҳбарлик қилаётган, қулай ўрнашиб олган элитани кучлироқ силтаб қўйиш самарали сигнал бўлиши мумкин.
Марказий банк ва тўрт давлат фонди орқали Россия ҳукумати мамлакат компанияларининг бештадан тўрттасини — ўнлаб иш берувчи, сармоядор ва кредиторларни назорат қилади. Россияда яшаб, иқтисодиётнинг асосий соҳаларига хўжайинлик қиладиган давлат гигантларининг кредитори ёки мижози бўлмасликнинг иложи йўқ.
Бу улкан корпоратив гигантларни бошқарадиган шахс вазирликларнинг коридорларида юрадиганлардан кўра Кремлга яқинроқдир.
Улкан маблағга эга бу компанияларни бошқараётганларнинг раҳбарлик муддатини ҳаттоки вазирлар билан эмас, Рим Папалари билан қиёс қилиш мумкин.
Алексей Миллер — «Газпром» директори. 19 йилдан бери шу мансабда. 58 ёшли Миллер бу мансабга Путин президент бўлгач бир йил ўтиб тайинланган. Унинг ишдан бўшатилиши ҳақида миш-мишлар юради, аммо у ҳамон раҳбарлик курсисида.
Игор Сечин 2012 йилдан бери «Роснефть» раҳбари. Бу компания нефть хом ашёсини ишлаб чиқариш борасида дунёда Saudi Aramco’дан кейин иккинчи ўринда.
Виталий Савелев 2009 йилдан бери «Аэрофлот» компанияси тизгинларини сақлаб келмоқда.
Энг йирик Россия банклари «Сбербанк», ВТБ раҳбарияти 31 йилдан бери ўзгаргани йўқ. Герман Греф «Сбербанк»ни 13 йил, Андрей Костин ВТБни 2002 йилдан буён бошқариб келмоқда.
Табиийки, бу шахсларнинг барчаси бир умумий хусусият — Кремлнинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши бирлаштиради. Шунинг учун ҳам уларнинг алмаштирилиши фақатгина жаноб Путинга боғлиқ.
Путин барқарор ўсишни таъминлаш ниятида экан, бу давлат гигантлари раҳбариятини ўзгартиришга интилиши катта огоҳлантириш бўлади.
Бу компанияларнинг аксари фонд бозори рўйхатидан ўтган ва хусусий сармоядорлар эътироф этганидек, стратегик ўзгаришлардан кўра бозорларга фойдалироқ эришиш даромади афзалроқ эканини сўзсиз тан олади.
Гуруҳлар ортида қудратли иқтисодий кучлар туради. «Сбербанк» — мамлакатнинг энг йирик чакана савдо банки, ВТБ энг йирик корпоратив молия берувчи — бу капитал тақсимотида улкан вазифани бажаради. Ўтган йили «Роснефть» ва «Газпром»нинг биргаликдаги капитал харажатлари 37 миллиард долларни ташкил қилди. Бу эса бюджет харажатларининг еттидан бир қисмидир. Кадрларни ўзгартириш, айниқса компаниянинг юқори босқичларида камдан кам ҳолатдагина янги стратегияларни олиб келавермайди. Бошқа тарафдан, эски раҳбарлар аксар ҳолатларда консерватизм, қотиб қолиш ва турғунлик қопқонига тушиб қолади. Устига устак, кўпинча уларнинг атрофида фойдасиз, раҳбарни мадҳловчи маслаҳатчилар ҳам пайдо бўлишига олиб келади.
Николай Токарев давлатга қарашли монополия — «Транснефть»ни 2007 йилдан бери бошқариб келмоқда. 18 миллиардлик компанияни, унинг қиймати 2016 йилдан бери 18 фоизга пасайиб кетган бўлса-да, бошқариб келмоқда. Ўтган йилда Европага сотилган ифлоз нефть ортидан келиб чиққан низо сабабли ҳам у ишдан олинмади.
Январдаги «тозалов» даврида ҳам Путин «анъанавий» куч ишлатар тизимлар — Мудофаа, Ташқи ва Ички ишлар вазирликларида ҳам ўзгаришлар қилмади. Уларнинг раҳбарияти бирга қўшилганда 32 йилдан бери вазирликларни бошқариб келмоқда.
Бу соҳаларда ўзгариш қилмай туриб ҳукуматни тўлиқ силкитиш, мамлакатни янги йўлга солиш мумкин эмас. Вазирларни алмаштириш бошқа нарса, аммо гигант компанияларнинг раҳбариятини ўзгартириш мамлакатни турғунликдан чиқариши мумкин.
Идлибда уруш тарафдори бўлган Сергей Лавров
Эрдўғон эълон қилган муддат тугашига уч кун ҳам қолмади. Асосий жангга яқин қолди, деб ёзади The Rai Al Youm нашри.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия армиясининг Идлиб вилоятидан олиб чиқиб кетилиши учун берган муддат тугаб бормоқда. Афтидан, Башар Асаднинг қуролли кучлари бу пўписа ва Туркия ҳарбий кучларининг сафарбар қилинганига етарлича эътибор бермаётганидан дарак. Боз устига, улар Идлиб тараф илгарилаб боришда давом этмоқда.
Шу кунгача Россия ва Туркия ўртасида Москва ва Анқарада беш маротаба учрашув бўлиб ўтди, кўриниб турибдики, томонлар ҳарбий тўқнашувнинг олдини олиш борасида бирор келишувга эриша олмади. Бунинг устига, Эрдўғон 5 март куни Истанбулда Франция, Германия иштирокида ўтказиладиган учрашувга Путиннинг розилигини ололгани йўқ. Кремль матбуот котиби Песковнинг айтишича, Путин барча қуролли террорчи гуруҳларнинг «қуролсизлантирилишини» талаб қилмоқда.
Собиқ Сурия генерали Аҳмад Риҳалнинг таъкидлашича, Москвадаги музокараларда Туркия камситилган ва ғазаблантирилган. Генерал тафсилотларга тўхталмаган бўлса-да, рус тарафи 2018 йилда Сочи битими доирасида имзоланган шартномаларга Туркия амал қилмаётганини танқид қилган. Битимга мувофиқ, Туркия мухолифотчиларни террорчилардан ажратиши керак эди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашидаги чиқишида дипломатик оҳангда гапирмади. У Москванинг Идлибда Сурия армиясини қўлламаслик таклифини рад этди, унинг фикрича, бундай ҳаракатлар инсон ҳуқуқларига зид ҳамда террорчиларга мағлубликдир. Туркияга ён беришни истамасдан, бу қадар агрессив чиқиш қилишдан мақсад нима бўлиши мумкин? Эрдўғон олдида икки йўл бор:
- турк армиясига Идлибга ҳужум қилиб, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» террорчи ташкилоти бошчилигидаги гуруҳларни йўқ қилиш. Шунда Сочи битимларини бажарган бўлади;
- Сурия армиясига ҳужум қилиш ва бу билан Идлиб атрофидаги 18 тадан кам бўлмаган турк назорат пунктларидаги аскарлар ҳаётини хавф остида қолдириш. Бу эса жамоатчиликда Сурия ва Ливиядаги жанг майдонларида турк аскарларининг ҳалок бўлиши ортидан норозилик келиб чиқишига сабаб бўлади.
Эрдўғон собиқ президент, дўсти Абдуллоҳ Гулнинг маслаҳатига қулоқ ҳам солиб ўтирмаса керак. Абдуллоҳ Гул назарида, сиёсий Ислом мағлубиятга учради, Туркия эса Сурия низосига аралашмагани маъқул. Лекин Эрдўғон тўқнашув тарафдори кўринади.
Россия Сурияда юзлаб аскар ва миллиардлаб долларларидан маҳрум бўлди. Кремль Сурияда қўлга киритган ғалабаларидан осонликча воз кечмаслиги аниқ. Воқеалар қандай ривожланади, кузатамиз.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)