Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Алишер Абдувалиев Украина инфратузилма вазири ўринбосари Олег Юшенко билан мамлакатлар ўртасида авиақатновларни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Украина Инфратузилма вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Украина Инфратузилма вазирлиги матбуот хизмати

Олег Юшенконинг таъкидлашича, Украинанинг авиация транспорти соҳасидаги сиёсати ҳамкор давлатлар, хусусан, Ўзбекистон билан авиақатновлар бозорини эркинлаштиришга қаратилган.

«Украина Ўзбекисон билан ҳар бир томондан ҳафтасига мунтазам етти марта рейслар қатновини тезроқ қайта йўлга қўйишдан манфаатдор», — дейди Олег Юшенко.

«Алишер Абдувалиев транспорт инфратузилмаси соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг аҳамиятини таъкидлаб, Украина ва Ўзбекистон ўртасида авиақатновларни тез орада йўлга қўйилишига умид билдирди», — дейилади хабарда.

Иқтисодий ривожланиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари, Украина савдо вакили Тарас Качка Алишер Абдувалиев билан бўлиб ўтган учрашув якунида Тошкентда 9-10 апрель кунлари ўзбек-украин ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши ўтказилишини маълум қилганди.

2019 йилнинг октябрь ойида Тошкентдан Киевга чартер рейсларни ташкиллаштириш режаси билан чиққан Charter Flights Group компанияси Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги авиақатновларни қайта тиклай олмаган эди.

2017 йилнинг декабрь ойида Украина билан доимий авиақатновларнинг тикланиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Икки мамлакат авиация идоралари делегациялари музокаралар олиб борган. Бироқ Ўзбекистоннинг Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси томонлар ўртасида ҳал қилинмаган масалалар борлиги, уларнинг ҳал қилиниши билан томонлар музокараларга қайтишини маълум қилган эди.