«Дарё» сайтида  ўтган ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.

Сўнгги йилларда хусусий бандлик агентликлари ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайгани рост. Бироқ уларнинг аксарияти кўрсатган натижа қойил қоларли эмас. Аниқроғи фуқарони чув тушириш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Хусусан, ўтган ҳафтада Human хусусий бандлик агентлиги машмашаси сўнгги нуқтасига борди. Мингдан ортиқ фуқарога агентлик фириб берган. Фуқаролар бош вазир Абдулла Арипов билан учрашишни талаб қилиб Мустақиллик майдонига тўпланди. Шавкат Мирзиёев Human агентлигидан жабрланган мингдан ортиқ фуқаронинг пулларини давлат ҳисобидан қайтариш ҳақида кўрсатма берди. Агентлик четга ишга жойлаштириш ваъдаси билан фуқаролардан 6 миллиондан 35 миллион сўмгача пул олган. Энди бу пулларни давлат тўлай бошлади.

Бу орада International Experience номли яна бир агентлик фуқароларни ишга жойлайман деб, ишни катта қилиб қўйгани маълум бўлгач, унинг ҳам лицензияси вақтинча тўхтатиб қўйилди. Ўзбекистонликларни 24 миллиард сўмга чув туширган Korean and Migrations хусусий бандлик агентлигига оид тергов ишлари эса давом этмоқда. Абдулла Арипов барча хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тугатиш бўйича президентга таклиф киритишини билдирди.

* * *

17 февралга ўтар кечаси Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида мудҳиш воқеа содир бўлди. Коттежда чиққан ёнғин бир оиланинг олтин нафар аъзосини ҳаётдан олиб кетди. Қурбонлар орасида икки яшар гўдак ҳам бўлган. Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзиясини билдирди ва дафн маросимларида бош-қош бўлди. 30 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳоким ёнган уйнинг тезда таъмирланишини ва ёнғин вақтида бошқа жойда бўлганлиги учун омон қолган оиланинг биргина аъзоси – 18 яшар қизни оталиғига олишини билдирди.

* * *

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси мажлислар залида Президент Шавкат Мирзиёевга «Ала-Тоо Айимдари» («Олатов хонимлари») экологик ҳаракати томонидан 2019 йил одами» унвонининг берилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Мукофотни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳомжон Неъматов қабул қилиб олди. Қирғизистонликлар ўзбек-қирғиз муносабатларини мустаҳкамлашда кўрсатган хизматлари учун Шавкат Мирзиёевдан миннатдордир.

Таъкидлаш жоизки, Шавкат Мирзиёев қўшни давлатда биринчи марта «Йил одами» деб тан олинмаяпти. 2019 йилда Шавкат Мирзиёев Озарбайжонда «Йил одами» деб эътироф қилинган.

* * *

Олтинсой воқеалари бу ҳафта омманинг диққат назаридан тушмади. Ҳокимият вакиллари ва аҳоли ўртасидаги тўқнашув видеосини кўрган ҳам кўрди, кўрмаган ҳам кўрди. Бош прокуратуранинг ёзишича, маҳаллий фуқаролар ва уларнинг қариндошлари қўлларида бензин, таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан қуролланган ҳолда ишчи гуруҳ олдига чиққан; ўртада «қуролли» тўқнашув юзага келган, жараёнда икки нафар ИИБ ходими ва бир фуқаро тан жароҳати олган.

Фото: «Дарё»

Воқеа юзасидан Бош прокуратура баёнот бергач, таҳлилчи ва кузатувчилар ҳокимият барибир оддий аҳолини айбдор қилаётганлигини сезиб қолди. Шу аснода депутат Алишер Қодировнинг кескин баёноти реал ҳаётдаги можарони виртуалга кўчирди. Алишер Қодиров интернетдаги постида Олтинсойдаги «бебош фуқароларни кескин жазолаш»ни талаб қилди. Пост тагида бошланган танқидларга эса депутатнинг «...Мен сизни умидвор қилмаганман, мендан ҳеч нарса кутманг. Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли...» тарзида изоҳ қолдириши алангага сепилган керосиндек таъсир кўрсатди.

Аммо «кўп гўшт ейиш» ибораси билан халқ оғзига тушган ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳайитовнинг фикрича, Олтинсойдаги воқеаларда фақат «фуқароларни ҳам айблаб бўлмайди» ва фуқарога мени сайламагансиз дейиш нотўғридир.

* * *

Шавкат Мирзиёев Туркияга сафар қилди. Қардош давлатда даставвал Отатуркнинг қабрини зиёрат қилган Ўзбекистон президенти сўнгра Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан музокара ўтказди. Анқарада олий даражадаги Ўзбекистон—Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда Ўзбекистон ва Туркия савдо вазирлари сўзга чиқиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожи тўғрисида батафсил ахборот берди. Ўзбекистонга сармоя жалб этишни бош мақсад қилиб қўйган Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистонга кирган компания, албатта, манфаат топади. Мен бунга кафолат бераман», деди. Шавкат Мирзиёев сафари якуни олдидан Анқарадаги янги кутубхона очилишида иштирок этди ва Ражаб Тойиб Эрдўғон билан бирга кутубхонага оилавий ташриф буюришди.

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.