BBC News Ўзбек хизмати «Бобурий маликалар изидан» номли уч қисмдан иборат ҳужжатли-драматик фильм суратга олди. Унда бобурийлар салтанатида яшаб ўтган уч малика — Эсондавлат бегим, Хонзода ва Гулбадан бегимлар ҳақида ҳикоя қилинади, деб хабар беради BBC News Ўзбек хизмати.

Фото: BBC News Ўзбек хизмати

«Куч-қудрат, мардлик ва қаҳрамонлик кўпинча эркакларга хос кўрилади. Аёллар томонидан қилинган фидокорлик эса, хоҳ ўтмишда бўлсин, хоҳ бугун, ўзгачароқ талқин топади ва осонликча эътироф этилмайди.

Мақсад ана шундай парда ортида қолган, кўпинча номлари тарих дарсликларидан тушиб қоладиган жафокаш аёлларнинг бугунги авлод учун ибратли бўлган ҳаётига назар ташлашдир»,  — дейилади хабарда.

Фото: BBC News Ўзбек хизмати

Қайд этилишича, фильмнинг дастлабки қисми Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бувиси Эсондавлат бегимга бағишланган. Унда Бобуршоҳ оиласидаги аёллар ҳаётининг очилмаган қирраларига эътибор қаратилган.

Яна бир эътиборли жиҳати — Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда суратга олинган ушбу фильмда иштирок этган мутахассислар ҳамда суҳбатдошлар хотин-қизлардир, дейилади хабарда.