Хитойга гуманитар ёрдам юбориш бўйича 12 февраль куни Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Аҳатов ҳам қатнашди. «Gazeta.uz»нинг хабар беришича, Ўзбекистон томони Хитой «синовни енгиб ўтишига ишонади».
«Хитой қудратли давлат, улар кўп амалий ишларга қўл урган, саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Бу давлатнинг қудрати ва имкониятларини инобатга олган ҳолда, улар синовни енгиб ўтишига ишонамиз», — деди ташқи ишлар вазири ўринбосари.
«Ўзбекистон дўст ва ҳамкор сифатида ХХРга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади. Бу ҳам маънан, ҳам амалий ёрдам бўлади. Бунинг исботи ўлароқ, президентимиз томонидан Хитойга гуманитар ёрдам юбориш бўйича фармойиш имзоланди», — деди у.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 февралдаги фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон коронавирус янги турининг кенг тарқалишини олдини олиш, эпидемиологик вазиятни жиловлаш ҳамда уни маҳаллийлаштириш, касалликка қарши кураш ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Хитойга инсонпарварлик ёрдами жўнатиши ҳақида хабар берилган эди.
Гуманитар юк таркибида энг зарурий тиббий анжомлар, хусусан, Хитойда айни пайтда талаб этилаётган бир марта қўлланадиган стерил қўлқоплар, ҳимояловчи уст кийим, ниқоб ва бошқалар мавжуд. Ҳозирда Ўзбекистонда гуманитар ёрдамнинг иккинчи партияси ҳам шакллантирилмоқда.
Изоҳ (0)