Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида икки нафар ўсмир Damas автомобилини олиб қочди. Уларни йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан таъқиб қилинаётган вақтда бошқарувни эплай олмай ЙПХ машинасига урилган ва ариққа тушиб кетган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов дапартаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йил 6 февраль куни соат 10:00 дан 17:00 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс 31 ёшли С.Х.га тегишли Damas автомашинасини Олмалиқ шаҳар Олтин замин кўчасидаги уйларнинг ёнидан олиб қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни вояга етмаган 16 ёшли Б.Г. ва 17 ёшли Ё.Т. содир этганлиги аниқланган. Олиб қочилган автомашина ўсмирлар томонидан Оҳангарон тумани ҳудудида бошқариб кетилаётганида, ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига риоя қилмасдан ҳаракатни давом эттирган. Ҳайдовчининг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли, Damas ЙПХ автомашинаси билан тўқнашиб кетиб, йўлининг четидаги ариққа тушиб кетиши натижасида тўхтаган.
Жиноят иши бўйича Б.Г. ва Ё.Т. процессуал тартибда ушланган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)