Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшовчи аёл бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакилга мурожаат қилиб, шифокорлар ва «Роспотребнадзор» ходимлари аёл уйда бўлмаган вақтда унинг қизидан коронавирус бўйича қон таҳлили олганини маълум қилган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Болалар омбудсмани маъмурияти томонидан маълум қилинишича, 30 январь куни мутахассислар бир ҳафта олдин Хитойдан қайтган қизни коронавирус бўйича текширувдан ўтказган.
Қизнинг онаси томонидан маълум қилинишича, таҳлиллар ота-она уйда бўлмаган вақтда олинган. Улар эса текширув ўтказишга розилик бермаган эди. Аёл омбудсманни айбдорларни жазолашга чақирган.
«Роспотребнадзор» хизмат ходимлари ва туман поликлиникаси шифокорлари қиздан таҳлиллар олганини тасдиқлаган. Болалар омбудсмани маъмурияти мансаб ваколатидан чиққани учун айбдорлар интизомий жавобгарликка тортилишни ваъда қилган.
Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси ахборотида мамлакатда янги турдаги коронавирус қурбонлари сони 908 кишига етгани маълум қилинди. 9 февраль, якшанба куни, касаллик оқибатида 811 киши вафот этгани ҳақида ахборот берилганди. Коронавирус билан касалланиш бўйича 40 171 ҳолат қайд этилган — 35 982 киши ҳозирда даволанишда, шундан 6 484 кишининг аҳволи оғир, яна 3 281 кишига шифохонадан уйига жавоб берилган.
Мавзига доир: Хитой коронавируси бўйича 10 февралнинг асосий хабарлари
Изоҳ (0)