Ижтимоий тармоқларда 10 февраль, душанба куни, номаълум эркакнинг икки нафар ёш болага нисбатан қўпол муносабатда бўлаётганлиги акс этган видео тарқалган эди. Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, воқеа 2019 йил 15 январь куни юз берган, болаларга қўл кўтараётган эркак эса уларнинг отаси — Наманган вилояти Чуст шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган С.П. эканлиги аниқланган.
Видеода ота болалардан бирини қўли билан юзига уриб ерга йиқитгани, иккинчисини эса бурчакка тақаб, тинмасдан: «Мен сенга чиқ дедимми?» дея юзига шапалоқ тушираётгани акс этган. Кейин ерга йиқилган боланинг юзига ҳам бир неча марта тарсаки туширган. Видео давомида ота ўз болаларини «итдан тарқаган» деб ҳақорат қилган ва тинмай сўкинган.
«Фуқаро С.П. видеони вояга етмаган фарзандларини ташлаб, Россияга кетиб қолган турмуш ўртоғини қайтариш мақсадида ўзи олганлиги ва турмуш ўртоғига юборганлиги, видео турмуш ўртоғи томонидан ижтимоий тармоқларга тарқатилганлигини маълум қилган. Фуқаро С.П. қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, ушбу ҳолат юртдошларимиз орасида шов-шувга ва уларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганлиги учун кечирим сўраган», — дейилади ИИВ ахборотида.
Қайд этишларича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Чуст тумани ИИБ томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. «Шу ўринда, ҳолатга ойдинлик киритишда кўмаклашган юртдошларимизга Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирамиз», — дея қўшимча қилинган вазирлик ахборотида.
Изоҳ (0)