Хитой томонидан коронавирус тарқалишига қарши кўрилаётган кескин чоралар спиртли ичимликлар савдосининг қисқаришига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Moody’s халқаро рейтинг агентлиги экспертлари маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».
Агентлик экспертларининг қайд этишича, коронавирус Европанинг спиртли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик компанияларининг молиявий кўрсаткичлари учун жиддий хавф туғдирмоқда. Агентлик ҳисоботида айтилишича, инфекциянинг тарқалиши Ой календари бўйича Хитойда Янги йил нишонланадиган давр арафасида бошланди. Айнан шу вақтда мамлакатда спиртли ичимликлар истеъмоли энг юқори даражага кўтарилади.
Экспертларнинг таъкидлашича, кўп миллионли аҳолига эга шаҳарларнинг карантин учун ёпилиши ва сафарларга чеклов қўйилиши спиртли маҳсулотларга бўлган талабга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, Хитойга келадиган сайёҳлар ва чет давлатларига борадиган хитойлик сайёҳлар сонининг камайиши ҳамда кўплаб авиарейсларнинг бекор қилиниши ҳам талабга қўшимча таъсир кўрсатади.
Таҳлилчилар фикрига кўра, салбий таъсирлар кейинги ойларда ҳам кузатилиши мумкин, чунки хитойлик дистрибьюторлар учун ўз захираларини тўлдириш қийин бўлади.
Қайд этилишича, Франциянинг Rémy Cointreau компанияси жиддий зарар кўриши мумкин. Компания ўз маҳсулотларининг 20 фоизини Хитойга етказиб беради. Шунингдек, Франциянинг Pernod Ricard ва Буюк Британиянинг Diageo компаниялари ҳам жиддий йўқотишларга учраши мумкин. Улар ўз маҳсулотларининг мос равишда 10 ва 5 фоизини Хитойга етказиб беради.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда коронавирус тарқалиши шароитида биржа савдолари 8 фоизлик пастлаш билан бошланди. Brent туридаги нефть нархи 13 ой мобайнидаги энг паст кўрсаткичга тушди. Макаода коронавирус туфайли барча казинолар ёпилади.
Изоҳ (0)