Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Навоий шаҳрида жойлашган кўп қаватли «Янги ҳаёт» савдо марказида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди. Бу ҳақда бошқарма матубот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 январь куни «Навоий савдо комплекси»да ёнғин келиб чиққанди. Ёнғин натижасида 6 та савдо дўконининг жами 82 квадрат метр қисми ёниб зарарланган, савдо маркази ичидан ҳеч нарсани олиб чиқишнинг имкони бўлмагани хабар қилинганди.
Ўтказилган махсус-тактик ўқув машқининг асосий мақсади савдо марказининг тегишли режаларига амалда аниқлик киритиш, объект раҳбар таркиби ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркибининг тадбирларни бажаришдаги тажриба ва малакасини ошириш, шунингдек, объект фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг шаҳар доимий тайёргарликдаги хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш этиб белгиланди.
Ўқув машқи «Йиғин» ва саф кўриги, фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини ташкил қилиш, жабрланувчиларни хавфсиз ҳудудга эвакуция қилиш ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, юзага келган шартли ёнғинни бартараф қилиш каби босқичларда ўтказилди.
Ўқув машқи режасига асосан босқичлар реал шароитларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилди.
Ўқув машқларига вилоят ФВБ, Миллий гвардия, ИИБ, ССБ, «Ўзбектелеком» АК Навоий филиали, «Навоий ҲЭТК» АЖ, «Ҳудудгаз Навоий» МЧЖ ва объект фуқаро муҳофаза қилиш тузилмаларидан 12 та махсус техника ва 103 нафар ходимлар жалб этилди.
Изоҳ (0)