Ўзбекистон Транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг информацион ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимига қўшилиши бўйича Президент қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.
Ҳужжатга кўра, мамлакат 2014 йил 30 майда Минск (Беларусь Республикаси) шаҳрида имзоланган Транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларининг информацион ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимига қўшилиши режалаштирилган.
Лойиҳада Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги ушбу халқаро шартномани амалга оширишга масъул ваколатли орган этиб белгиланган.
Шунингдек, ҳужжат лойиҳасида Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг ушбу халқаро шартномага қўшилиши ва уни амалга оширишга масъул ваколатли органлар тўғрисида тегишли хабарномани депозитарийга юбориши, Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан сўнг ўрнатилган тартибда Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари бажарилишининг назоратини таъминлаши қайд этилган.
Изоҳ (0)