АҚШ президенти Дональд Трамп 6 мамлакат, шу жумладан, Қирғизистон фуқароларига виза беришни чеклади. Бу ҳақда Оқ уй сайтида маълум қилинди.
Эритрея, Мьянма, Нигерия, Судан ва Танзания мамлакатлари ҳам чекловларга учради. Таъкидланишича, ушбу давлатлар шахсий идентификацияни бошқариш тартибини бажара олмайди ёки миллий хавфсизликнинг асосий талабларига жавоб бермайди.
«Агар чет эл давлати иммиграцияси Қўшма Штатларга ташриф буюришдан фойда олишни истаса, АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва разведка мутахассислари томонидан ўрнатилган асосий хавфсизлик шартларига жавоб бериши шарт», — дейилади Оқ уй баёнотида.
Чекловлар АҚШда яшашни режалаштирган муҳожирларга тааллуқли бўлиб, сайёҳлар ёки бизнесменларга татбиқ этилмайди.
Январь ойида Трампнинг 7 та мамлакат фуқароларига виза беришни чеклаш режаси маълум қилинганди. 2017 йилнинг сентябрь ойида эса АҚШ миллий хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида Эрон, Ливия, Сомали, Сурия, Яман, Венесуэла, Шимолий Корея ва Чад фуқароларига киришни тақиқлаган. Бундай тақиқ террорчиларнинг АҚШ ҳудудига киришининг олдини олишга ёрдам беради, деб тахмин қилинмоқда.
Изоҳ (0)