Полиция АҚШ президенти Дональд Трампнинг Флорида штатидаги хусусий қароргоҳи бўлган Мар-а-Лаго’га машинада киришга уринган икки аёлни қўлга олди. Бу ҳақда Reuters’га таяниб, РБК хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 2 нафар номаълум шахс йўлтанламас машинада Мар-а-Лаго қарагоҳига борадиган иккита назорат пунктидан ўтган. Оқибатда машина қароргоҳ дарвозасига яқинлашган вақтда ҳуқуқ тартибот ходимлари ўт очган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Трамп бу вақтда Вашингтондаги Оқ уйда бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари берган маълумотга кўра, рулда 30 ёшли Ҳанна Ремҳилд бўлгани аниқланган. Унда Коннектикут штатида берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси топилган.
Reuters унинг Facebook’даги саҳифасига эътибор қаратган бўлиб, унда аёлнинг опера қўшиқчиси эканлиги ёзилган. Аёлнинг вокал бўйича ўқитувчиси бу маълумотни тасдиқлаган ва Ҳанна Ғарбий Коннектикут университетини тамомлаганини айтган.
Шериф Рик Бредшоу аёл қаерга кетаётганини ҳам билмаган, деган фикрда ва содир бўлган воқеани террорчилик ҳаракати эмас, деб айтмоқда.
Изоҳ (0)