Қозоғистоннинг Сариоғоч шаҳар ҳокимиятида «Йўловчи ташиш транспорти» АЖ ва «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қатор давлат идоралари вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 18-қўшма йиғилиши баённомасида белгилаб берилган айрим вазифалар ижроси хусусида сўз юритилди.
Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда темир йўл транспортидан фойдаланишда, айниқса, давлатлар ўртасидаги чегара ўтиш пунктларида ҳамда йўл давомида миграция, чегара, божхона хизматлари, ички ишлар каби қатор давлат органлари томонидан ўтказиладиган текширувлар, поездларнинг давлат чегара ўтиш пунктларида узоқ муддат ушлаб қолиниши каби йўловчиларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган турли хил маълумотлар тарқалди. Бундан ташқари, йўловчилар томонидан тегишли ташкилотларга бир қанча шикоят ва мурожаатлар ҳам келиб тушмоқда.
Ўтказилган ишчи гуруҳининг йиғилишда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли йўловчи поездларининг Қозоғистон ҳудудидан ҳамда Қозоғистоннинг «Йўловчи ташиш транспорти» АЖга қарашли йўловчи поездларининг Ўзбекистон ҳудудидан ўтишида ҳар иккала давлат миграция, божхона, чегара хизмати, ички ишлар органлари вакиллари иштирокида қўшма мониторинг ўтказиш борасида келишиб олинди.
Шунингдек, йиғилишда давлат чегара станцияларида божхона, чегара хизматлари назорати жараёнларини тезлаштириш, миграция, ички ишлар органлари каби ташкилотлар томонидан йўл давомида йўловчиларнинг ҳужжатларини текшириш каби ҳолатларни камайтириш, йўловчиларга давлат чегараларидан ўтишда нималарга эътибор қаратишлари ҳамда зарур ҳужжатлар ҳақида кўпроқ маълумотлар бериш, тушунтириш ишларини йўлга қўйиш ҳамда йўловчилардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш, уларни тегишли давлат органларига юбориб, камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш, шунингдек, соҳага оид бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)