2019 йил Ўзбекистонда аҳолининг реал даромадлари меҳнат унумдорлигидан 2 фоизга ўсган, дейилади Марказий банк шарҳида.
2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, иқтисодиётда банд бўлган аҳоли сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 фоизга ўсди ва 13,6 миллион кишини ташкил этди.
Шу билан бирга, бир қатор тармоқларда бандликнинг ўсиши умумий кўрсаткичлардан юқори бўлди. Хусусан, бандликнинг ўсиши савдо соҳасида 5,1 фоизни, таълим соҳасида 3,8 фоизни, соғлиқни сақлаш ва транспорт соҳасида 3,7 фоизни ва қурилиш соҳасида 3 фоизни ташкил қилди.
Саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бандликнинг ўсиши пастроқ бўлди ҳамда мос равишда 0,7 фоиз ва 1,3 фоизни ташкил этди.
Иқтисодиётда иш ҳақи динамикасининг таҳлили унинг ишлаб чиқариш соҳасига (tradable goods) нисбатан хизматлар соҳасида (nontradable goods) тезроқ ўсаётганлигини кўрсатади.
2019 йил январь—сентябрь ойларида ўртача иш ҳақининг ўсиши саноат соҳасида 22,9 фоизгача, қурилишда 23 фоизгача секинлашган бўлса, кўплаб хизмат кўрсатиш соҳаларида, аксинча, тезлашиши кузатилган. Хусусан, савдо соҳасида ўртача иш ҳақи 33,6 фоизга, яшаш ва умумий овқатланиш соҳасида — 39,7 фоизга, банк ва молиявий хизматларда — 36,5 фоизга, таълим соҳасида — 37,2 фоизга, соғлиқни сақлашда — 37,7 фоизга ошди.
2019 йил ёзида иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаев меҳнат унумдорлигини оширмасдан туриб, маошларни кўтариш иқтисодиётда салбий оқибатлар келтириб чиқаришини билдирган.
«Таққослаш учун, АҚШда меҳнат унумдорлиги кўрсаткичи бир одам учун 96 минг долларга тенг. Ўзбекистонда бу рақам тахминан 4—5 минг доллар», — деганди вазир.
Изоҳ (0)