Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адхан Гебреисус Пекинга кетаётганини маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Гебреисус у ерда Хитой расмийлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги экспертлар билан коронавирусни муҳокама қилади.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш директорининг маълум қилишича, у «кейинчалик касалликдан ҳимояланиш учун» Хитой билан «ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ниятида. Хитойда 2 мингдан ортиқ одам коронавирус билан касалланган, ҳалок бўлганлар сони 80 кишига етган.
Хитойнинг Ухань шаҳри коронавирус ўчоғи ҳисобланади, бу ва яна бир неча шаҳар карантинга ёпилган. Аввалроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин коронавирус билан боғлиқ вазиятни «мураккаб» деб атаб, касалликнинг тарқалиш суръати ошганини тан олган эди.
Ўзбекистонда ҳозирча коронавирус билан касалланиш ҳолатлари расман қайд этилгани йўқ. Мамлакат аэропортларида касалликка қарши хавфсизлик чоралари кўрилган, хусусан, куни кеча Хитойдан қайтариб олиб келинган ўзбекистонлик талабалар аэропортнинг ўзидаёқ жиддий текширувдан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)