Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида вилоятнинг барча ташкилот раҳбарлари Қирғизистон ҳудудидаги анклав ҳудуд – Чўнғара қишлоғига ташриф буюрди. Чўнғара қишлоғида атиги 240 хонадон бор ва 1400 нафар фуқаро яшайди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилишича, Чўнғара қишлоғида ягона – 259 та ўқувчи таҳсил оладиган ўрта умумтаълим мактабига 50 та компьютер, 2 000 та ўзбек ва хориж адабиёти китоблари, бокс, теннис, каратэ турлари билан шуғулланиш жиҳозлари, юздан зиёд волейбол, баскетбол, футбол тўплари, тўгараклар учун миллий чолғу асбоблари, ҳар бир компьютер учун 50 та махсус мебель столлари келтирилди.
Вилоят ҳокими қарори билан ушбу мактабга бошқа жойдан қатнаб ишлайдиган фан ўқитувчилари яшаши учун икки қаватли 15 та 3 хонали хонадони бўлган уй қуриб берилади.
Шунингдек, шифокорлар томонидан қишлоқ аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилиб, Қишлоқ врачлик пунктига 350 миллион сўмлик 21 турдаги биринчи ёрдам дори воситалари ҳамда керакли тиббий анжомлар келтирилган.
Ташриф давомида қишлоқда 50 ўринли мактагача таълим муассасаси очилди.
Шунингдек, 240 хонадоннинг ҳар бирига суюлтирилган газ балонини бепул тарқатилди.
Изоҳ (0)