Бош вазир Абдулла Арипов ЎзЛиДеП Сиёсий кенгашининг 18 январь куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон ҳукуматининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этди.
Унда таъкидланишича, ривожланган ва замонавий йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш масалалари ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.
Бу борада, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда, 2020—2030 йилларда Ўзбекистон автойўлларини ривожлантириш стратегияси ва Ўзбекистоннинг транспорт тизимини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Мазкур стратегиялар ижросини таъминлаш натижасида 2020—2025 йилларда жами 21 167 километр узунликдаги умумий фойдаланишдаги ва минтақавий ички йўллар ҳамда 280 та кўприк ва йўл ўтказгичлар реконструкция қилинади.
«Шунингдек, 1 100 километр узунликдаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини таъмирлаб, халқаро транзит ҳажмини уч бараварга оширишга эришилади», — деди бош вазир Абдулла Арипов.
Қўшимча қилишларича, 2035 йилгача бўлган даврда йиллик юк ташиш ҳажми 1,2 миллиард тоннадан 2,5 миллиард тоннага, йўловчи ташиш ҳажми 2019 йилдаги 6 миллиард йўловчидан 9 миллиард йўловчига етказилади.
Изоҳ (0)