Ўзбекистонда сўнгги икки йилда ўқишга киритиш важи билан 115 нафар, жумладан, 58 нафар олий ва 57 нафар ўрта махсус таълим ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтди.
Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси К. фуқаро Д.ни институтнинг бухгалтерия факультети сиртқи йўналишига ўқишга киритиш учун 10 минг доллар олганида ушланган.
Қарши давлат университетининг проректори Н. махсус сиртқи бўлимга кириш имтиҳонларидан ўта олмаган О.ни ўқишга киришида ёрдам бериш важи билан 3 минг доллар олгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, йиғилишда ижодий имтиҳон жараёнлари холис ва адолат билан ўтказилмаётганлиги ҳам танқид остига олинган.
Хусусан, Фарғона давлат университети ўқитувчиси С., қабул комиссия аъзоси эканлигидан фойдаланиб, фуқаро А.ни ижодий имтиҳондан юқори балл олишида ёрдам бериш эвазига 6 минг доллар олганида ушланган.
Сўнгги икки йилда 21 нафар талабанинг бундай жиноятларга аралашиб жавобгарликка тортилганлиги тизимдаги коррупция оқибати сифатида кескин танқидга олинган.
Изоҳ (0)