Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Бекобод шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳар Меъмор кўчасида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида газ ҳисоблаш ускунасининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида, ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатиб фойдаланганлиги аниқланган. Бу ҳақда «Дарё»га Мажбурий ижро бюроси томонидан маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда расмийлаштирилган далолатномаларга кўра, шу вақтга қадар газ ҳисоблагичга ташқи таъсир оқибатида жами 1 478 400 куб метр табиий газ ўғирланганлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолатда «Ҳудудгаз Тошкент» МЧЖ мансабдор шахслари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, газ ҳисоблаш ускунасига ўрнатилган паролни ушбу шохобча мансабдор шахсларига ноқонуний равишда тақдим этилганлиги маълум бўлган. Етказилган зарар миқдори 1,47 миллиард сўмни ташкил қилган.
Қайд этилишича, газ қуйиш шохобчаси мансабдор шахслари ҳамда «Ҳудудгаз Тошкент» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)