Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 31 ёшли эркак уни ҳақорат қилган танишининг устига бензин сепиб, ёқиб юборди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Хабар берилишича, 15 январь, чоршанба куни соат 22:00 да Зарафшон шаҳрида жойлашган савдо дўконида 1989 йилда туғилган С.Ж. ва Ў.Т. озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилаётганда, уларнинг таниши, 1983 йилда туғилган Н.И. маст ҳолатда дўконга кириб келган. Н.И. дўконда бўлган Ў.Т. билан ўзаро жанжаллашган ва С.Ж.ни ҳақорат қилган.
Шундан сўнг С.Ж. Ў.Т.нинг бошқарувида бўлган «УАЗ» русумли автомашинада аҳоли уйларидан 300 метр узоқликдаги чўл ҳудудига Н.И.ни олиб броган. С.Ж. маст танишини машинадан тушириб, машина салонидаги елим идишда бўлган бензинни унинг устига сепган ҳамда гугурт билан ёқиб юборган.
Таъкидланишича, ушбу ҳолатни кўрган Ў.Т. эгнидаги курткасини ечиб Н.И.нинг устига ташлаган ва оловни ўчирган.
Мазкур ҳолат юзасидан 16 январь, пайшанба куни Зарафшон шаҳар прокуратураси томонидан С.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 25 орқали 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)