М-39 «Олмаота—Бишкек—Тошкент—Термиз» йўлининг Сурхондарё вилояти Ангор туманидан ўтган 1425-километрида 1 январь куни соат 8:00 атрофида инсон ўлими билан тугаган йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси.

Фото: ЙҲХББ матбуот хизмати

Номаълум ҳайдовчи номаълум транспорт воситаси билан Ангор туманида яшаган, 1989 йилда туғилган Д.А.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси жойидан яширинган. «Натижада пиёда Д.А. воқеа жойида ҳалок бўлган», — дейилади Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабарида.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини Қизириқ туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган Ш.Б. ўз бошқарувидаги Lacetti русуми автомобилида содир этганлиги аниқланиб, шу куни ушланган. ЙҲХББнинг алоҳида қайд этишича, ҳодиса пиёда йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётганида юз берган.