UzAuto Motors томонидан 25 декабрь куни Тошкентда тақдимоти ўтказилган Chevrolet’нинг тўртта янги моделининг тахминий нархлари айтилди.

@trolluz’нинг ёзишича, Chevrolet Equinox автомобили 32—35 минг доллар эквивалентида, Chevrolet Traverse 38—45 минг доллар эквивалентида, Trailblazer 50—60 минг доллар эквивалентида ва Chevrolet Tahoe 85—90 минг доллар эквивалентида сотувга чиқарилиши мумкин.

Айни вақтда маркетолог Малик Каримов @trolluz’нинг постига муносабат билдириб, Traverse модели синф бўйича Trailblazer’дан юқорироқ туришини таъкидлаган. «Trailblazer’нинг нархи 40 минг доллардан паст бўлиши аниқ», — деб ёзган у. Малик Каримов аввалроқ Trailblazer’нинг энг ҳашаматли версияси 38 минг доллардан, Equinox эса ундан пастроқ нархда сотувга чиқарилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Қайд этиш жоиз, янги моделларнинг энг арзони 35—40 минг доллардан, энг қиммати эса 70 минг доллардан юқори нархда сотувга чиқарилиши ҳақидаги маълумотларни 25 декабрдаги тақдимотда қатнашган бошқа хабардор манбалар ҳам тасдиқлади. UzAuto Motors компанияси ҳозирча автомобилларнинг нархларини расман эълон қилгани йўқ.

Маълумот учун, Trailblazer 26 декабрдан сотувга чиқарилади, Traverse ва Tahoe эса 2020 йил бошида салонларда пайдо бўлади, Equinox эса март—апрель ойларида сотувга чиқиши кутилмоқда.