«Sof.uz» нашри Тошкент шаҳар Бектемир туман 18-Висол сайлов округидаги 105-сайлов участкасида комиссия аъзолари томонидан қутига бюллетенлар ташланаётгани ҳақидаги видеоматериални эълон қилди.
«Kun.uz» нашрига ҳодиса гувоҳларининг маълум қилишича, сайлов жараёни якунланишини кутиб ўтирган кузатувчиларга ўзини «Адлия вазирлигидан» деб таништирган номаълум шахслар кузатувчиларнинг ҳужжатларини текшириш баҳонасида бошқа хонага олиб чиқиб кетишади.
Кузатувчиларнинг йўқлигидан фойдаланиб, сайлов участкаси мутасаддилари олдиндан тайёрлаб қўйилган бюллетенларни сайлов қутичасига ташлаган. Ушбу ҳолат кузатувчилардан бирининг доимий ёниқ турган камерасига ёзиб олинган. Видеода мазкур қонунбузарлик жамоа бўлиб амалга оширилгани, сайлов участкасининг айрим аъзолари эшикка кўз-қулоқ бўлиб турган вақтда бошқалари сохта бюллетенларни сайлов қутисига ташлаётгани кўринган.
Ушбу сайлов участкасида ЎзЛиДеП партиясидан номзоди кўрсатилган Умид Худойбергановнинг ишончли вакили Раҳматилла Атаханов мазкур ҳолат юзасидан МСК ва прокуратура органларига мурожаат қилиб, қўлидаги барча далилларни тақдим этганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Яшнобод туманидаги сайлов участкаларида «черновик» протоколлардан фойдаланиши ҳолатлари содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ журналистлар ва блогерлар ярим тун бўлишига қарамасдан Яшнобод туманига йўл олиб, мазкур вазиятни ўрганган эди.
Изоҳ (0)