Ўзбекистон Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация 2019 йил 19—21 декабрь кунлари Малайзияга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси «Миллий суверенитетни қўлга киритишда тараққиётнинг роли» мавзусидаги Куала Лумпур саммитида иштирок этади.
ТИВ томонидан таъкидланишича, саммит 2014 йилдан бери мамлакат етакчилари, турли давлатларнинг жамоатчилик, ишбилармонлик, академик ва илмий доиралари вакилларининг мусулмон олами олдида турган таҳдидларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳаза ва илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда Ислом тамаддунини қайта тиклашнинг энг яхши йўлларини излаб топиш бўйича ҳамкорлик майдони сифатида ўтказиб келинмоқда.
Малайзия бош вазири Маҳатҳир Моҳаммад мазкур саммитнинг раиси ҳисобланади. Саммит ишида Осиё ва Яқин Шарқнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда бошқа мамлакатлар ҳукуматларининг юқори мансабдорлари иштирок этиши режалаштирилмоқда.
Вазирликнинг маълумот беришича, Ўзбекистон делегациясининг ташрифи дастурида Куала Лумпурдаги вазирлик ва идоралар, йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг Малайзиянинг қатор етакчи ислом университетлари ва илмий-тадқиқот марказлари билан амалий ҳамкорлиги тўғрисида битим имзолаш ҳам режалаштирилган.
Аввалроқ Рустам Қосимовга Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясининг ректори вазифасини бажариш юклатилган эди. У бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳам ректори ҳисобланади.
Изоҳ (0)