Бундан 108 йил муқаддам Леонардо да Винчнинг машҳур «Жоконда» («Мона Лиза») картинаси ўғирлаб кетилиб, бир муддатдан сўнг топилган эди. Бу ўғриликнинг диққатга сазовор жиҳати шуки, айнан у кўтарган шов-шув туфайли шу пайтгача топ эксперт доирасига маълум картина оламшумул шуҳратга эришди.

Шу сана муносабати билан «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов «Мона Лиза» ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Париж шаҳрига ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ албатта Лувр музейига боради. У ерда дунёнинг энг машҳур сурати, италиялик рассом Леонардо да Винчининг «Жоконда» ёки «Мона Лиза» картинасини кўрмасдан қайтмайди.

Лувр музейининг Италия рассомлари бўлимида сақланаётган картина ҳажми 77х53 сантиметрни ташкил этади. Асар XVI аср бошларида Леонардо да Винчи томонидан чизилган. Унда флоренциялик бой савдогар Франческо дел Жиокондонинг рафиқаси Флорентина Лиза Жерардини тасвирланган. Асарнинг икки номи аёлнинг исми ва эрининг фамилиясидан келиб чиққан. Орадан беш юз йил ўтган бўлса ҳамки, асар санъат шинавандалари ва мутахассисларнинг катта қизиқишига ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

Қуйида эътиборингизга ушбу санъат дурдонаси ҳақида сиз билмаган ўнта фактни ҳавола этамиз.

1. У Франциянинг учта ҳукмдори билан бирга «яшаган»

Да Винчи асарини Италияда бошлаган бўлса ҳам, Францияда ниҳоясига етказган. Картина дастлаб Франсуа I нинг Фонтенблодаги саройига олиб келинган. Луи XIV уни Парижга, Лувр саройига келтирган. 1690–1695 йилларда Луи XIV топшириғи билан Версаль саройига ўтказилган «Мона Лиза» 1801 йилда Напплеон томонидан Туэльри саройига, Жозефинанинг хонасига олиб келинган. 1802 йилда эса Наполеон асарни Лувр музейига совға қилган. Шу тариқа Франция қироллари саройларида «яшаган» «Мона Лиза» ниҳоят Лувр музейидан жой олган.

2. У мато эмас, ёғочга ишланган

Да Винчининг шоҳ асари, кўпчилик ўйлаганидек, матога эмас, терак тахтасига чизилган. У катта ҳажмдаги ишларини ҳўл гипсга чизганини инобатга олсак, тахтага чизиш унинг учун ғайритабиий ҳодиса эмас.

Матога чизиш XIV асрдан урф бўла бошлаганига қарамай, кўпчилик Уйғониш даври рассомлари кичик ҳажмли асарларида ёғочни афзал кўрган.

3. Лувр музейида унинг ўз хонаси бор

Лувр музейида 2003 йилда тўрт йиллик капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Таъмирлаш учун 6,3 миллион доллар ажратилди. Таъмирлаш жараёнида «Жоконда»га махсус хона ажратилди.

Шишадан ишланган хона табиий ёруғлик билан ёритилади. Синмайдиган шиша дисплей хонадаги ҳароратни 43 даража ушлаб туради. Кичкина чироқ картина рангларини асл ҳолатда кўриш имконини беради.

4. «Мона Лиза» кўзларида да Винчи

2010 йилда Италия маданий мерос миллий қўмитаси ходимлари микроскопик текширув натижасида «Жоконда»нинг ўнг кўзида L.V. ҳарфлари ёзилганлигини аниқлади.

5. Жеки Кеннеди уни меҳмонга таклиф қилган

Ўтган асрда АҚШнинг биринчи хоними Жеки Кеннеди Франция ҳукуматидан картинани АҚШга «таклиф қилишга» рухсат сўради. Президент де Голь бунга рози бўлди. Шундан кейин «Мона Лиза» Вашингтондаги Миллий санъат галереяси ва Нью-Йоркдаги «Метрополитен» музейида намойиш этилди.

6. Уни машҳур қилган ўғри

Асар санъат оламида доим машҳур бўлиб келган бўлса-да, у фақатгина 1911 йилда ўғирлаб кетилганидан кейингина катта оммага машҳур бўлиб кетди. Газеталар бутун дунё бўйлаб катта жиноят ҳақида жар солди. Икки йилдан кейин, асар музейга қайтарилгач, бутун дунё буни олқишлади.

7. Пикассо ўғриликда гумон қилинган

Сўроқ давомида полиция ҳатто машҳур диссидент рассом Пабло Пикассони ўғриликда яблаб, сўроқ қилди. Ҳатто шоир Гиём Апполинер ҳам ҳибсга олинди. Бунга унинг картинани ёқиб юбориш кераклиги ҳақидаги чақириқлари сабаб бўлди. Аммо иккаласининг ҳам айби исботланмади.

8. Ошиқлардан мактублар ҳам келиб турган

Расм Лувр музейига келган кунидан бошлаб унга севги мактублари ва гуллар кела бошлаган. Ҳатто унинг махсус почта қутиси ҳам бўлган.

9. Асар барчани ҳам ўзига жалб эта олмаган

Да Винчининг шоҳ асари бир неча бор вандализм қурбони бўлди. Айниқса 1954 йили унга ёмон келди. Икки ҳужум оқибатида картинага кислота сепиб юборилди; иккинчи ҳолатда тош билан ҳужум қилинди. Зарар оз, аммо сезиларли эди.

Ўқ ўтказмайдиган ойна қўшилиши ҳужумлар шаклини ўзгартирди. 1974 йилда аэрозоль бўёқ, 2009 йилда эса қаҳва финжони билан ҳужумлар уюштирилди.

10. Асар сотувга қўйилиши мумкин эмас

Франция мулкчилик қонунига мувофиқ, бу санъат дурдонаси сотувга қўйилиши мумкин эмас. Лувр музейи коллекцияси сифатида «Мона Лиза» жамоатчилик мулки ҳисобланади.