«Севимли» телеканалининг «Хайрли оқшом» дастурида айнан ОИТС касаллиги сабаб бир-бири билан танишган ва бир-бирининг шундай касалликка чалинганини била туриб, оила қурган ўзбекистонлик эр-хотиннинг интервьюси эълон қилинди. Интервью давомида уларнинг шахсий ошкор этилмаган, юзи кўрсатилмаган.

Эр

Кадр: «Севимли» / YouTube

Шифохона бор. 2008 йили ўша ерда ётганимда мендан қон анализи олган-да, жавобини айтмаган. Бир ҳафта ўтгач иккинчи марта қон олишди. Касалхонадан чиққанимдан кейин СПИД-центрга келиб, эпидемия бўлимига кириб, текширтирдим. Ҳар иккала текширувда ҳам касаллик чиққан менда. Касал бўлганимни 2008 йилга келибгина билдим. Унгача билмаганман.

Мен оилада кенжа ўғилман. 8-синфни битирганимдан кейин авточилангар бўлиб ишга кирдим. 1993 йилгача автобазада ишладим. Аста-аста «сокрашения»лар бошланди. Ишсиз қолганимдан кейин устачиликка чиқиб кетдим, усталик қилдим. 2002 йили Санкт-Петербургга жўнаб кетдим. Шу билан у ерда ҳам ишчи, юк ташувчи бўлиб, қандай иш бўлса, шуни қилиб кетавердим.

Санкт-Петербургда тўққиз йил бўлдим. Тўғриси, мен билан бирга яшаган қиз наркоман эди. Молдован эди, у билан бир жойда ишлаганмиз, ўша ерда танишиб қолганмиз. Ўша вақтда битта шприц билан 10 киши ҳам укол қилган жойлари бўлган. Битта янги шприцни сотиб олишга ҳам имконият бўлмасди.

2008 йили касал бўлганимни билганимда стрессга тушиб қолдим. Ўламанми, нима бўлади энди, оила аъзоларим нима дейишади? Ака-ука, қариндош-уруғ — буни ҳеч кимга айтолмайсиз. Қўрқувга тушиб қоласиз. «Билса, мени энди ҳамма четлаштириб қўяди, тўйларга айтмайди, саломлашмай қўяди», деб қўрқасиз. Бу жуда оғир дард-да!

Бир умр афсусланиб ўтасиз. Бир кун эмас, бир кеча эмас, ё бир эсга тушиб қолганида эмас. Умрингизнинг охирги нафасигача афсусланасиз. Лекин ҳаётни орқага қайтариб бўлмайди. Ҳаёт куйди шу билан. Онам мен касал бўлган кундан бошлаб сиқиляпти — она-ку. Мен, мана, ҳозир Тошкентдаман — то қайтиб боргунимча ухламайди онам.

Акаларим, опаларим эмас, жиянларим олдида уяламан (йиғлайди). «Одамлар: амакинг касал, деяпти», деган гапларидан уяламан. Жиянларим олий маълумотли, чет элларда яшайди — шулардан уяламан... Ўзим яхши оиладанман. Қиз бераман деган қанча оилалар бор эди. Лекин бўлмади-да...

Шундай ҳолатга келиб қолгандим-ки, охири фақат ўлимни тан олганман. Ҳеч нарсани ўйламай қўйгандим. Аста-секин менга далда беришди, тушунтириб беришди. «Ўлмайсиз, тўғри, яхши яшасангиз, узоқ умр кўрасиз», деб менга ҳамма нарсани тушунтириб беришди.

Уйланиш учун беш йил ўзимга муносиб, ўзим каби касал қиз қидирдим. Беш йилдан сўнг бўлажак рафиқам билан танишиб қолдим. Одамлар онамга: «Ўғлингизга келин олиб келган кунингиз битта дардингиз иккита бўлади», дейишган. Ҳозир нолимайман. Бир-биримизни тушунамиз. Бирга ишлаймиз. Лекин ҳеч кимга зиёнимиз етмайди. Жамият учун тўлиқ ишлаймиз.

Ўзимизни ногирон ҳисобламаймиз. Ўзимизни ўзимиз эплаймиз. Дори-дармон, даволаниш, тўғри овқатланиш, бир-биримизга мадад берамиз. Унинг мазаси бўлмаса, мен турғазмайман — ётиб, дамини олиб, икки кун ёца, икки кун ётади. То ўзига келиб, яхши бўлиб, оёққа турмагунича индамайман. Мен касал бўлсам, у менга қарайди.

Хотин

Кадр: «Севимли» / YouTube

Оилада тўрт фарзанд бўлганмиз. Болалигим шўх, беғубор ўтган. Энди у дамларни, болаликдаги шўхликларингизни барибир соғинасиз. Тошкентда йўл назоратчиси (ДАН ходими) бўлиш учун ўқимоқчи эдим, онам рухсат бермаганликлари учун ўқий олмадим. Қариндошимизга турмушга чиққандим. Етти йил яшадим, қайнонам сабабли ажрашдик. Битта фарзандим бор.

Бошқа турмуш қурдим. Яна совчи орқали. Ҳаётимиз бошлангач, бир кун мазаси қочганида: «Яхшимисиз?», деб сўрасам, аввалига «ҳа» деди. Кейин касаллик чиққанини айтди. Бошида ишонмадим. Кейин мендан ҳам қон олишди. Мендан ҳам шу касаллик чиқди. Шунга қарамай, у билан уч—тўрт йил яшадим. Шу касаллик сабабли оламдан ўтдилар. Шу билан яна аямникига қайтиб келдим.

Қаттиқ тушкунликка тушдим. Ҳатто ўз жонимга қасд қилишгача бордим. Онам бечора мени қутқарди. «Шу иш бошингга тушган бўлса нима қиламиз энди, ундай қилма, болам», дедилар. Психологларга олиб бориб, тушунтиришлар қилишганидан кейин билдимки, бундан қўрқмаслик керак экан. Дўхтирларнинг маслаҳатлари билан шу вақтгача юрибмиз.

Хўжайиним билан бозорда танишганмиз. У киши ҳам биларди менинг шундай касал эканимни. Шифохона, поликлиникаларга борганимиздан бир-биримизни билардик. Тақдир экан, совчи қўйдилар, уч йилдан бери яшаяпмиз. Ҳаммалари яхши, қайнонам яхшилар. Тушунишади, ўқимишли.

Қайнонамга раҳмат. Касал бўлсам, қарайдилар — қари бўлсалар ҳам қарайдилар. Ҳаммаларини яхши кўраман, ҳаммалиги меҳрибон. Хўжайиним касал бўлсам менга қарайди, яхши қарайдилар. Соғ бўлсам, бир-биримизга тиргак бўлиб юрибмиз.

Фарзанд

Аёлнинг ҳикоясидан маълум бўлганидек, унинг биринчи турмушидан бир ўғли бор ва у онасининг касаллигидан хабардор.

«Касал эканимни ўғлимга айтганман. Ўзимиздаги СПИД-центрга олиб бориб, қон топширтирганмиз. Шунақа касаллигимни билиб, бечора болам йиғлаб юборган. Ўғлим соғлом, ундан бундай касаллик чиқмади. Ўғлим дадасининг оиласида, бувиси билан яшайди. Келиб туради. Уйга ҳам олиб келаман. Бу киши (ҳозирги турмуш ўртоғи) ҳам уни яхши кўрадилар», — дейди аёл.

«Энди, болага келганда, ҳозирча у ёш. Ҳали йўналишини танлаб олгани йўқ. Бир мусиқага қизиқади, бир бошқасига. Бир-икки йил қарайман, насиб бўлса, ўзим ҳам устаман, бирорта яхши механикками, мотористгами шогирдликка бераман. Ҳозирча индаганимиз йўқ», — деди эркак.

Кўрсатувни тўлиқ қуйида томоша қилиш мумкин: