3 декабрь, сешанба куни соат 15:15 атрофида Бешариқ тумани, Бахмал қишлоғи ҳудудидан ўтган Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли қувур тармоғининг 4—5 километри оралиғида ноқонуний ҳолда, тегишли рухсатномаларсиз экскаватор ёрдамида ер ишлари олиб борилгани оқибатида магистрал газ қувур тармоғига шикаст етказилган ва қувур тешилган. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу эса ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган ва экскаватор ҳайдовчиси, 1960- йилда туғилган Д.М. куйиш тан жароҳати олиб, Бешариқ шаҳар шифохонасига етказилган.
Авария ҳолатини тезкор равишда бартараф этиш учун магистрал газ қувурига газ бериш тўхтатилган ва ёнғин тезда ўчирилган.
Шикастланган газ қувури кеч соат 20:50 да қайта тикланган, аҳолига табиий газ етказиб бериш эса 4 декабрда тикланди.
«Ҳурматли ватандошлар! Барча турдаги энергия таъминоти тизимининг, айниқса юқори босимли газ қувурларининг муҳофаза ҳудуди ва хавфсизлик талабларига амал қилишга ҳамда шу каби ҳолатларнинг олдини олишга чақириб қоламиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)