Тошкентнинг Олмазор туманида жойлашган Ислом цивилизацияси марказининг янги қурилаётган биносида 5 декабрь куни ёнғин содир бўлаётгани ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига маҳаллий вақт билан соат 16:38 да хабар келиб тушган.
Хабар асосида воқеа жойига 10 та асосий ёнғин ўчириш автоэкипажлари ҳамда 6 та махсус ва ёрдамчи ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга соат 16:44 етиб борган ва 16:54 да ёнғин қуршаб олиниб, соат 17:06 да тўлиқ бартараф этилган.
«Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган», — дейилади Давлат ёнғин хавфсизлик хизмати ахборотида.
Ёнғин оқибатида қурилаётган бино ертўласида жойлашган таъмирлаш учун олиб келинган теплоизоляция (пенопласт) қурилиш материаллари 150 квадрат метр майдонда ёнган.
Қайд этишларича, ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаб ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)