Тунец балиғи танасидаги углерод нисбати уммонлардаги озуқа занжирининг глобал ўзгарганидан далолат бермоқда. Бу хулосага яқиндагина эълон қилинган халқаро илмий тадқиқот натижасида келинган. Унга кўра, океанларда кенг тарқалган тунецнинг уч турида танасидаги углерод изотоплари нисбати 2000 йилдагига нисбатан жиддий ўзгарганлиги кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, океан жонзотларининг озуқа занжирида бош бўғин бўлган фитопланктон популяциясида жиддий ўзгаришлар рўй бергани билан боғлиқ. Бу ҳақдаги илмий тадқиқотни Дюк университети биогеокимё профессори Николас Кассар бошчилигидаги илмий гуруҳ олиб борган. Хусусан, Кассарнинг ўзи шундай дейди:
Биз денгиз озуқа занжирининг юқори қисмида бўлган тунецда кузатган ўзгаришлар ушбу занжирнинг қуйи қисмида рўй берган тур ва физиологик таркибий ўзгаришларнинг акс-садосидир.Унинг фикрича, фитопланктоннинг физиологик ўзгариши глобал иқлим исиши билан боғлиқ бўлиб, бу жонзот эндиликда углеродни нисбатан кўпроқ ўзлаштирмоқда экан.
Тадқиқот асносида олимлар 2000 йилдан 2015 йилгача бўлган вақт ичида Ҳинд, Атлантика ва Тинч океанларидан тунецнинг уч хил асосий туридан 4 500 намуна олган. Тизимли таҳлил шуни кўрсатдики, балиқ мускул массасининг делта C-13 деб номланадиган углерод изотоп таркиби мазкур 15 йил мобайнида 0,08-0,25 фоиз атрофида камайган.
Кассарнинг айтишича, ушбу ўзгаришлар, албатта, кутилган эди. Чунки атмосферада углерод газлари миқдори ортиб бормоқда ва бу денгиз экосистемасига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шунингдек, бу уммонларда сув қатламларининг таркибан янада яққол ажралиб қолишига олиб келмоқда. Яъни океан сувлари тубликларда сувнинг зичлиги ва ҳароратига кўра турли ўзаро аралашмайдиган қатламларга ажралиб қолиши кескинлашмоқда. Бу қатламларнинг бири иккинчиси учун тўсиқ вазифасини бажаради ҳамда ўзидан чуқурроқдаги ёки юқорироқдаги озуқа моддаларини ўтказмай қўяди. Бу эса фитопланктоннинг озиқланишига тўсқинлик қилади. Албатта, илмий гуруҳ хулосалари ҳали якуний эмас ва денгиз экосистемасидаги мазкур ўзгаришлар, хусусан, тунецнинг углерод таркибига яна қандай бошқа омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлигини ҳам ўйлаб кўриш керак. Аммо олимларнинг фикр билдиришича, таҳлилларнинг ўзиёқ океан юзасида озуқа моддалари миқдори тобора чегараланиб бораётганига далолатдир.
Мақоланинг батафсил матни 11 ноябрь куни Global Change Biology журналида эълон қилинган. Тадқиқотда АҚШ, Канада, Германия, Австралия, Янги Зеландия, Испания, Сейшел ороллари ва Янги Каледониядан мутахассислар иштирок этган.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)