АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Брайан Ҳук Facebook, Instagram ва Twitter’ни Теҳрон мамлакатда интернетни ўчиргани туфайли ҳукуматнинг сиёсатчиларига тегишли аккаунтларни блоклашга чақирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Бу мунофиқона бошқарув тизими. Улар интернетни ўчириб қўйган, бироқ ўзлари ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда давом этмоқда. Биз Facebook, Instagram ва Twitter каби компаниялардан Эрон олий етакчиси Али Хамонайи, ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ва президент Ҳасан Руҳонийнинг аккаунтларини улар мамлакатда интернетни қайта ёқмагунига қадар блоклаб қўйишни таклиф қиламан», — дея таъкидлаган Ҳук.
«Эрон ҳукумати интернетни ўчириб қўйганининг асосий сабаби мамлакатдаги минглаб одамларнинг норозилик намойишлари оқибатидаги ўлимлар ва фожиали ҳолатларни яширишга уриниш деб баҳолаш мумкин», — дейди у.
Аввал Эрон ташқи ишлар вазири АҚШнинг форслар алоқа ва коммуникациялар вазирига нисбатан санкция қўллаганига муносабат билдириб, Вашингтон учун интернетдан фойдаланишдаги эркинлик масалалари аҳамиятга эга эмаслигини қайд этганди.Эронда интернет 17 ноябрь куни 15 ноябрда бензин нархининг оширилиши туфайли бошланган норозилик намойишлари оқибатида ўчириб қўйилган. 21 ноябрь, пайшанба куни ҳукуматнинг мамлакатда интернетни қайта ишга туширгани хабар қилинган. Ушбу хабардан кейин АҚШ давлат котиби Майк Помпео форслардан давлат департаментига намойишлар билан боғлиқ фотосуратлар, видеолар ва бошқа ахборотларни юборишни сўраган.
Изоҳ (0)