Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь, жума куни мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш, жумладан, Италия ва Европа Иттифоқининг етакчи саноат, интеллектуал ва маданий марказларидан бири бўлган Ломбардия билан амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболлари кўриб чиқилди.
Фаол ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро алмашинувларни йўлга қўйиш, Италиянинг компания ва ташкилотлари билан савдо, инвестициялар, саноат технологиялари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Ломбардиянинг таниқли университетлари билан юқори малакали, аввало, муҳандислик ихтисосликлари бўйича мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Олий даражадаги икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида Ўзбекистон ва Италиянинг ушбу ҳудуди ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)