Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Nexia 2 автомобили тўлиқ ёниб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, 22 ноябрь, жума куни тахминан соат 00:30 да 32 ёшли фуқаро А.Т. бошқарувидаги Nexia 2 автомашинаси иштирокида ЙТҲ юз берган. Ҳайдовчи Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани «Аннаруз» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-378 «Ғузор—Самарқанд» йўлининг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган қисмида йўл қатлами нам бўлишига қарамасдан, соатига 109 километр тезликда ҳаракатланган.
А.Т. катта тезликда кетаётган машинанинг бошқарувини йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналиш бўлагига чиқиб кетган ва шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган 37 ёшли Б.Т. бошқарувидаги Nexia 2 автомашинаси билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Натижада ҳайдовчи А.Т. бошқарувидаги Nexia 2 тўлиқ ёниб кетган ҳамда А.Т.нинг ўзи тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган.
Шу билан бирга, Б.Т. ва унинг автомашинасида йўловчи сифатида кетаётган Тожикистон фуқароси 33 ёшли Б.Ш. тан жароҳатлари олган, уларга ҳодиса жойининг ўзида тез тиббий ёрдам кўрсатилган. ЙТҲ оқибатида ҳеч ким қурбон бўлмаган.
Ҳолат юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда.
Изоҳ (0)