Ўзгидромет дам олиш кунларида ва қишнинг бошланишида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйлаб булутли об-ҳаво сақланиб туради. Шимолий ҳудудлардан ташқари бошқа жойларда ёғингарчилик, кўпроқ қор ёғиши кутилмоқда. Ҳарорат сезиларли ўзгармайди.
Душанба кунидан бошлаб ёғингарчиликлар тўхтайди. Лекин ҳафтанинг охиригача совуқ ҳаво сақланиб туради. Кечаси ва эрталабки соатларда 3—8 даража совуқ, кундузи 0—5 даража илиқ атрофида бўлади.
Ўзгидромет жаҳоннинг етакчи об-ҳаво марказлари маълумотларига таяниб бераётган баҳоларига кўра, декабрь ўртача нам ва ҳарорат бўйича меъёрларга яқин бўлади. Ой давомида ҳарорат кечаси 2—7 даража илиқдан 0—5 даража совуққача, кундузи 10—15 даража илиқдан 0—5 даража илиққача ўзгариб туради.
«Одатда Ўзбекистонда қишлар қисқа ва кам қорли. Бу ерда қиш фаслининг ўзига хос хусусияти — ҳароратининг кескин ўзгариб туришида. Бунда иссиқ ҳаво тўлқинлари совуқ ҳаво билан алмашиб туради. Ҳарорат совуқ бўлганда ёққан қор ҳаво илиши билан эриб кетгани сабабли барқарор қор қоплами ҳосил бўлмайди», — деб маълум қилган синоптиклар.Шунингдек, охирги кузатувлар давомида энг совуқ даврли қиш 2007—2008 йилга тўғри келгани, ўшанда совуқ декабрнинг охиридан февралнинг ўртасигача давом этгани эслатиб ўтилган.
Мавзуга доир: Фото: Тошкентда — қор
Изоҳ (0)