Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби жамоа бош мураббийи Маурисио Почеттинони ўз лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Почеттинонинг ишдан олинишига жорий мавсум «Тоттенҳэм»нинг натижалари қониқарли бўлмаётганлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аргентиналик мураббий ёрдамчилари билан бирга Лондон клубини тарк этди.
Қайд этиш жоиз, «шпорлар» Почеттино қўл остида ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигаси финалига чиқди. 2018/19 йилги мавсум финалида жамоа «Ливерпуль»га имкониятни бой берганди.
Бундан ташқари «Тоттенҳэм» Маурисо бошчилигида кетма-кет тўрт мавсум Англия Премьер Лигасида кучли тўртликдан пастга тушмади.
Маълумот учун, Почеттино 2014 йил «Тоттенҳэм»ни қабул қилиб олганди. Унга қадар эса «Саутҳэмптон» ҳамда «Эспаньол» клубларида фаолият олиб борган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)