Ҳукумат қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида Ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўбаси ташкил этилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.
Шўбага қуйидаги вазифалар юклатилди:
- бузиладиган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш учун етарли ресурслар (маблағлар, ер участкаси ва бошқа мулк) мавжудлигини ўрганиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига киритиш учун бўлажак қурилиш объектининг лойиҳа ҳужжатларини тақдимот материаллари шаклида тайёрлаш;
- олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари билан очиқ муҳокамани ташкил этиш;
- ер участкаси олиб қўйилиши ташаббускори ва кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ўртасида тузилган, компенсация миқдори, тури ва бериш муддати назарда тутилган келишувлар ҳисобини юритиш;
- компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторингини олиб бориш;
- ер участкалари олиб қўйилиши, компенсация берилиши, кўчмас мулк объектлари бузилиши, шунингдек, олиб қўйилган ер участкасида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳақида Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар киритиб бориш.
Изоҳ (0)