«ИИБда сўроқ қилинган шахс ўлди. Яқинлари унинг уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда» сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда тарқалган мақола юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти баёнот берди.
Аниқланишича, 16 ноябрь куни фуқаро Н.Ж. туман ИИБ бошлиғи номига, «О» исмли шахс «марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланаётганлигини, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
Шу куни соат 13:30 ларда Булунғур туман ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Р. 150 минг сўм эвазига Н.Ж.га вазни 3,71 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланиб, ёнидан вазни 0,78 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситаси ва тадбирда ишлатилган 150 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Булунғур тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Р.га нисбатан айблов эълон қилинган ва «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Дастлабки тергов давомида Н.Ж. терговга олиб келинмаган ва жиноят иши юзасидан сўроқ қилинмаганлиги аниқланган.
16 ноябрь куни соат 16:10 ларда Н.Ж. Булунғур тумани ИИБ ЖҚБ хизмат хонасида бирламчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида соғлиғи ёмонлашиб, қон босими кўтарилиши ва юрак хуружи билан Тез тиббий ёрдам машинасида Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб борилган ҳамда шу ерда вафот этганлиги маълум бўлган.
Суд тиббий экспертизасининг маълумотига кўра, Н.Ж.нинг танасида тан жароҳатлари аниқланмаганлиги, дастлабки суд тиббий ташхиси — ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, коронарокардиосклероз, юракнинг ишимик касаллиги эканлиги аниқланган.
Ҳозирда Н.Ж.нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тегишли экспертиза тайинланган.
Изоҳ (0)