Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи этиб Асаджон Хўжаев тайинланди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Мазкур давлат инспекцияси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Асаджон Хўжаев 2017 йил мартидан августига қадар Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби сифатида фаолият юритган. Сўнг Биринчи Президент Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.
У 2011—2012 йилларда Интеллектуал мулк агентлигига, 2012—2017 йилларда эса Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига раҳбарлик қилган.
Янги лавозимга тайинлангунига қадар 2018 йилнинг августидан бошлаб Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази директори сифатида ишлаб келаётганди.
Изоҳ (0)