Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун ҳужжати билан Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Молия вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда 2020 йил 1 апрелга қадар:
- букмекерлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилишини;
- букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, Интернет тармоғи провайдерларида хизматлар кўрсатилишини тартибга солишни;
- букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадларининг бир қисмини спорт турлари, шу жумладан, футболни ривожлантириш учун йўналтиришни;
- букмекерлик фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш механизмларини жорий этилишини назарда тутиш белгиланди.
Изоҳ (0)