12 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хоразмда журналист Давлатназар Рўзметовнинг фожиали ҳалок бўлиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар беради «Kun.uz».
Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идоралар мутасаддилари иштирокида ўтказилган тадбирда дастлабки тергов-суриштирув хулосалари асосида батафсил маълумот берилди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган АОКА директори Комил Алламжонов агентлик Давлатназар Рўзметов билан аслида нима рўй бергани юзасидан ўрганишлар ўтказгани, мутасаддиларни таклиф қилиб вазиятга ойдинлик киритишга қарор қилгани ҳақида гапирди.
Шундан сўнг тадбирга таклиф этилган мутасаддилар ўз маълумотларини тақдим этди.
Хоразм вилояти ИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Пўлатов ўша кунги воқеалар хронологиясини келтирди.
«2019 йилнинг 6 ноябрь куни тахминан соат 23:00-23:30 оралиғида фуқаро Сафаров ўз бошқарувида бўлган ‘Газель’ автомобилида Урганч-Хива йўлида ҳаракатланиб кетаётган вақтда 1971 йилда туғилган пиёда Давлатназар Рўзметовни уриб юборган. Олинган тан жароҳатлари оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Сизга тушунарли бўлиши учун жиноят иши материалларидан слайд тайёрлаганмиз. Ҳодисани тиклаш учун пиёда Рўзметов ЙТҲ содир бўлган жойга қандай бориб қолганини хронологик тарзда аниқлаштирдик.
6 ноябрь куни соат 17:23 да марҳум Рўзметов ўзининг таниши, адвокат Умид Давлетов билан бирга овқатланиш мақсадида Урганч шаҳрида жойлашган ‘Ягона’ кафесига кириб келган. Бу ҳолат кафедаги кузатув камералари томонидан қайд этилган.
Соат 21:52 да Рўзметовнинг дўсти Ғайрат Бобожонов ҳам ушбу даврага келиб қўшилган.
Соат 22:11 да учовлон кафедан чиқиб, ‘Xorazm palace’ меҳмонхонасига келади ва хизмат сафари билан Урганчга келган Умид Давлетовнинг тунаши учун жой гаплашади.
Жой масаласи ҳал қилинганидан кейин бу шахслар соат 22:18да меҳмонхонадан чиқади. Марҳум Давлатназар Рўзметов Қўшкўпирга – уйига қайтиши керак бўлади, шериклари уни Nexia-2 русумли таксига ўтказиб юбориб, ўзлари меҳмонхонага қайтади. Қўшкўпирга кетишда Урганч тумани ҳудудида «Машъал» номли дўкон бор, уни Хоразмда барча билади, такси шу жойгача гаплашилган. Тергов жараёнида аниқландики, бу ерда Қўшкўпирга кетадиган таксилар шохобчаси бор. Марҳум шу ерда Қўшкўпирга кетиш учун Nexia русумли бошқа бир таксини гаплашиб, унга ўтиради.
Терговнинг сири бор, шу сабабли фақат очиқ айта олишим мумкин бўлган ҳолатларнигина гапириб беряпман. Урганч-Хива йўлида кетаверишда йўл бўйида автомобилларга газ қуйиш шохобчаси бор. Соат 22:45 да Давлатназар Рўзметов таксида шу ерга кириб келганини тасдиқловчи видеотасвирлар бор. ‘Газзаправка’га киришда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун улар автомобилдан туширилади, шу тартибга кўра марҳум ҳам машинадан тушиб туради. ‘Газзаправка’дан чиққан Қўшкўпир йўналиши бўйлаб йўлда давом этади. Бизда бу ҳолатнинг видеоси бор, терговда тасдиқланган.
Йўлнинг тахминан 5-километрида такси ҳайдовчиси ва Давлатназар Рўзметов ўртасида даҳанаки тортишув юзага келади ҳамда Рўзметов жаҳл устида шу ердаги бекатда машинадан тушиб қолади. Айнан шу ерда – машинадан тушиб қолган жойларида ЙТҲ содир бўлмоқда. ‘ГАЗель’ чап томони билан Рўзметовни уриб юборгач, у йўлнинг қарама-қарши томонига учиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси чизмаси чизилган. Чизмада ҳодиса жойи, автомобилнинг тормоз изи, марҳум билан тўқнашув содир бўлган жой ва у ЙТҲ натижасига қаерга бориб тушгани акс этган. Ҳодиса рўй берганидан кўп ўтмай тезкор тергов гуруҳи томонидан дарҳол тормоз излари олинган, барча далиллар, чизмалар расмийлаштирилган», — дейди терговчи.
Матбуот анжуманида ҳодиса айнан қандай рўй бергани, автомобиль қанақа тезликда ҳаракатланаётгани ва ҳайдовчига нисбатан қандай чора кўрилишига ҳам аниқлик киритилиши сўралди.
«Терговда ҳайдовчи Давлатназар Рўзметов машинани тўхтатмоқчи бўлгандай шапкасини юқори кўтариб йўлга югуриб чиқди, дея кўрсатма берган. Демак, бекат томондан йўлга қараб чиқилган. Бу кўрсатмани берган яна битта гувоҳимиз ҳам бор. Ҳайдовчи машинани олиб қочмоқчи бўлиб чапга бургани, чапга буриб тормоз билан борганида марҳум машинанинг чап томонига урилгани ҳақида кўрсатма берган.
Бу ошкор қилса бўладиган маълумот бўлгани учун айтяпман. Ҳозир дастлабки тергов жараёни кетмоқда. Ҳайдовчи гумонланувчи сифатида қўзғатилган жиноят ишига жалб қилинган. Барча экспертизалар ўтказилгандан кейин унга нисбатан айблилик масаласи кўриб чиқилади. ЙТҲ содир бўлган вақтда автомобиль қандай тезликда ҳаракатланаётганини аниқлаш бўйича экспертиза тайинланган. Гумонланувчининг ҳам бу борада кўрсатмаси бор. Ҳолатга аниқлик киритиш учун тормоз излари ўлчанган, ҳодиса чизмага туширилган. Шуларга асосан экспертиза хулосасидан сўнг экспертлар автомобиль қандай тезликда ҳаракатланганини аниқлаб беришади. Эксперт ўн кундан бир ойгача бўлган муддатда хулоса бериши мумкин. ЙТҲ содир бўлган ҳудудда автомобиллар ҳаракатланиши учун 70 тезлик белгиланган», — дейди Аҳмаджон Пўлатов.
Тадбирда ўша воқеа содир бўлган кунда марҳум билан бирга бўлган таниши, адвокат Умид Давлетов ҳам сўз олди.
«Менга Давлатназар ака ҳақида гапириш қийин. У инсон ким учундир оддий журналист, ким учундир оддий одам, лекин мен учун қадрдон дўст эди.
Ҳақиқатан ҳам 2019 йилнинг 6 ноябрь куни ҳимоямдаги Нафосат Оллошукурова иши бўйича Урганч шаҳрига бордим. Урганч аэропортидан чиқишим билан Давлатназар акага қўнғироқ қилиб, у киши билан учрашмоқчилигимни айтдим. Шу куни Давлатназар ака билан учрашдик. Учрашганимизда у ниҳоятда хурсандлигини, унга нисбатан туҳмат қилиб ёзилган аризалар бўйича тўлиқ текширувлар ўтказилиб, Хоразм вилояти ИИБ томонидан унга нисбатан қўзғатилган барча маъмурий ишлар тугатилганини, ҳозирги кунда унинг журналистик фаолиятига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлигини, аксинча, вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ижобий ишлар қилинганини фахрланиб айтиб берди.
6 ноябрь куни Давлатназар ака билан кун бўйи бирга юрдик. Тушликниям, кечки овқатниям бирга қилдик. Кечки овқатдан кейин мен меҳмонхонада қолдим, у киши уйига кетди. Мен у кишидан меҳмонхонада тунаб қолишини илтимос қилдим, лекин у киши оиламнинг олдига бораман деб унамади. Эрталаб қайтиб келишини айтди. Кейин биз Ғайрат ака билан меҳмонхонанинг қарама-қарши томонидан у кишини таксига ўтказиб юбордик. Бу ҳақда юқорида батафсил маълумот берилди. Дўстимни охирги марта кўрганим шу бўлди», — дейди у.
Давлатназар Рўзметовнинг жияни Фарҳод Рўзметов амакисининг ўлими бахтсиз ҳодиса бўлгани, энди унинг етим қолган фарзандларига ғамхўрлик қилиш кераклигини таъкидлади.
«Амакимнинг журналистик фаолиятини қизиқиб кузатиб борардим. ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар етиб келганида ҳайрон бўлиб довдираб қолдик.
Зудлик билан ҳодиса жойига етиб бордик. Борганимизда ЙТҲ содир бўлган кўчанинг қоронғилиги яққол кўриниб турганди. ЙТҲ амаким йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётганда рўй бергани кўриниб турганди. Ҳодисадан сўнг у кишини тез тиббий ёрдам келиб олиб кетган, бизга амаким вафот этганини айтишгандан кейин 7 ноябрга ўтар кечаси соат 2-3ларда Facebook’да бу ҳақда пост қолдирдим. Бундан мақсад у кишини асосан Facebook орқали яхши танишарди. Амакимнинг ҳар бир вилоятда ўзига яраша дўстлари, таниш-билишлари бор эди. Улар амакимни сўнгги йўлга жўнатишга кеч қолмасин дегандим. Маърака билан бўлиб ижтимоий тармоқларда киролмадим. Аммо кечроқ кирганимда амакимнинг ўлими турлича талқин қилинган постларни кўриб жуда хафа бўлдим. Мусибат ҳақида, марҳумнинг дўстлари, ёр-у биродарларини жанозага таклиф қилиб қолдирган хабарим турлича талқин қилинаётгани учун Facebook фойдаланувчиларидан воқеани сиёсийлаштирмаслик, билиб-билмасдан турли изоҳлар қолдирмасликни сўраб яна бир пост қолдирдим.
Давлатназар акам қандай журналист бўлган, қандай фаолият юритган, бунга ҳар ким ҳар хил баҳо беради. Унинг ўзига яраша аудиторияси бўлган, ўзига яраша кузатувчилари бўлган, ўзига яраша муштарийлари бўлган.
Давлатназар акам фаолияти туфайли кўпгина вилоятларда, туман-шаҳарларда бўлган вақтида аҳолининг ижтимоий муаммоларига кўп эътибор қаратган. Отасиз ёки онасиз вояга етаётган болаларга ёки уй-жойсиз оилаларга ё бўлмасам ижтимоий муаммоси бўлган оилаларга кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қилиб журналистик фаолиятини олиб борган.
Лекин шу ўринда менга оғир бўлса ҳам у кишининг оилавий аҳволи ҳақида икки оғиз гапириб ўтмасам бўлмайди. Бугунги кунда амакимнинг ортида уч фарзанди қолди. Аёли ишсиз. Оиламиз билан биргаликда у кишининг фарзандларини ёлғизлатиб қўймаймиз. Бироқ ҳар бир оиланинг ўзига яраша ташвишлари бор. Мавриди келганда оммавий ахборот воситаларига, бу ерда йиғилган журналист ва блогерларга илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Амакимнинг оилавий шароити билан танишсангиз, у мол-дунё, давлатга қизиқмаган. Ўзини журналистикага бағишлаган. Ҳаттоки ҳафталаб, ойлаб уйига келмасдан иш билан шуғулланган. Шунинг учун у кишининг оилавий аҳволи билан қизиқсангизлар. Бу ерга келишдан олдин келинойимнинг ёнига бордим. У киши бир бир гап айтди, шу омонат гапни етказиб қўймоқчиман. Келинойим ‘Давлатназар Рўзметов жамиятдаги инсонларга қандай ёрдам берган бўлса, фарзандларим келажаги учун журналистлар ҳам қўлларидан келганча ёрдам беришсин’, деб илтимос қилдилар.
Журналистлар бугунги матбуот анжуманидаги маълумотлардан келиб чиқиб жараённи холис ёритишади, ижтимоий тармоқларда бўлиб турган нотўғри фикрларга ўз муносабатларини билдиришади, деб ўйлайман. Чунки жараён Facebook ёки бошқа жойларда ёзилганидек бўлмаган. Бугунги анжуманда берилган маълумотларга асосланган ҳолда тўғри ахборот берилиши ва марҳумнинг хотирасини ҳурмат қилишларини сўраб қоламан»,— дейди у.
Комил Алламжонов ҳам воқеани сиёсийлаштирмасликни сўради.
«Фурсатдан фойдаланиб, Давлатназар Рўзметовнинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдарлигимизни билдирамиз, таъзиямизни изҳор қиламиз. Журналистлардан, мазкур бахтсиз ҳодисани ғаразли мақсадлари йўлида сиёсийлаштиришга уринаётганлардан, ҳеч бўлмаса, шу одамнинг руҳи ҳаққи бу ишларни тўхтатишни илтимос қилардик. Чунки ҳаммаси мана ойдай равшан бўлиб турибди. Оила аъзолариям шуни айтишяпти. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллариям. Энди ҳеч бўлмаганда шу одамнинг ҳаққи-ҳурмати масалани сиёсий томонга буриб, рўй берган бахтсиз ҳодисани ‘журналистга суиқасд қилинган’ дея қилинаётган чиқишларни бас қилишни илтимос қилардик», —дейди агентлик раҳбари.
Журналист Тоштемир Худойқулов Давлатназар Рўзметов вафотидан олдин, яъни октябрь ойида «Жамият» газетасидан ишдан бўшагани, шу туфайли унинг ойлиги сақланадиган иш жойи бўлмагани туфайли оиласига ёрдам пули берилмаслигига эътибор қаратди.
Комил Алламжонов эса агентлик марҳумнинг оиласига албатта ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди.
Маълумот учун, хоразмлик таниқли журналист Давлатназар Рўзметов 6 ноябрь куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)