Исроил ҳукумати давлат бюджетини кўпайтириш мақсадида 9 миллиард доллар (31 миллиард шекел) ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ушбу маблағнинг 473 миллион доллари (1,6 миллиард шекел) Ғазо секторига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун сарфланади.
Харажатлар ўсишининг асосий қисми мудофаага йўналтирилади ва Мудофаа вазирлиги бюджетидан ташқари барча вазирликлар бюджетлари 3,35 фоизга қисқартирилади. Қисқартиришлар янги йил бошидан кучга киради.
Бундай қарор мамлакат миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва таълим вазири Йоав Кишнинг эътирозига сабаб бўлган. Улар келгуси ўқув йилида таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини молиялаштириш учун маблағ ажратилмаса, буни қўллаб-қувватламасликларини билдирдилар.
Ҳукумат таркибидан чиққан ултра ортодоксал Кнессет партиялари ҳам бюджетдаги ўзгаришларга қарши чиқмоқда.
Ғазода қарийб 2 йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 62 мингдан ошди. Секторда Исроилнинг узлуксиз бомбардимони, очарчилик ва озиқ-овқат излаб чиққан тинч аҳолининг ўлдирилиши давом этмоқда.
Бундан аввал Исроил ҳарбий разведкаси бошқармасининг собиқ генерали Аҳарон Ҳаливанинг махфий аудиоёзувлари Исроилнинг Channel 12 телеканали томонидан интернетга сиздирилди. Унда генерал Ғазода ҳалок бўлаётган ўн минглаб фаластинликларнинг ўлимини “келажак авлодлар учун зарур ва муҳим” деб айтади.
Шу кунларда Қатар ва Миср воситачилигида 60 кунлик сулҳ таклифи илгари сурилмоқда. ҲАМАС манбалари эса 19 август уни маъқуллаганини билдирди. Келишувга кўра, Исроилда сақланаётган айрим фаластинликлар ҳамда Ғазода тутқунликда бўлган исроилликларнинг ярми озод қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)