Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ раҳбари Дональд Трамп билан олиб борган музокаралар давомида ҳудудларни алмаштириш имкониятини инкор этмаган. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) Европа амалдорларига асосланиб хабар бермоқда.

Шу билан бирга, Украина етакчиси ўз мамлакатининг конституциявий тўсиқларига эътибор қаратган. У, шунингдек, аҳолини кўчириш зарурати ва ҳуқуқий чекловлар туфайли бундай режаларни амалга ошириш мураккаблигини таъкидлаган.
“Зеленский “мутаносиб алмашинувлар”ни кўриб чиқиши мумкинлигини айтди”, дея қайд этади нашр.
18 август куни кечқурун Трамп Зеленский ва Европа етакчилари билан музокаралар ўтказди. Очиқ қисм ярим соатдан сал камроқ давом этди. Музокараларда НАТО бош котиби Марк Рютте, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Фридрих Мерц, Финляндия президенти Александр Стубб, Италия бош вазири Жорж Мелони иштирок этди.
Трампнинг ўзи учрашувни “жуда самарали” деб атади. Унинг сўзларига кўра, томонлар АҚШ билан келишилган ҳолда Европанинг турли давлатлари томонидан тақдим этиладиган Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилган.
Учрашувдан сўнг, Украина президенти Владимир Зеленский ҳудудий масалаларни муҳокама қилиш учун Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёрлигини айтди.
Изоҳ (0)