Жорий йилнинг 21 ноябрь куни One Million Uzbek Coders («Бир миллион ўзбек дастурчилари») бепул онлайн курслари очилади. Бу ҳақда «Дарё»га IT-парк вакиллари маълум қилди.
Курслар Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва IT-Парк қошидаги IT-академия кўмагида ташкил этилмоқда.
One Million Uzbek Coders лойиҳаси биринчи навбатда, маҳаллий аҳолига, асосан, ёшларга АТ мутахассисликларида арзон ва сифатли таълим олиш имкониятини беради. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Москва шаҳрида ўтказилган «Очиқ инновациялар» VIII халқаро форум доирасида ушбу лойиҳа ҳақида хабар берган эди.
Барча лойиҳа ишга туширилгандан сўнг иштирок этиш учун ариза топшириши мумкин.
Таълим 4 та йўналиш бўйича амалга оширилади:
- Маълумотлар таҳлили
- Android дастурлаш
- Full-Stack Development
- Frontend Development
Курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар грантлар учун рақобатлаша олишади ва Udacity платформасидаги 100 дан ортиқ Nanodegree дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун сиз якуний имтиҳонни муваффақиятли топширишингиз ва энг юқори балл билан тўплаган 150 та талаба рўйҳатига киришингиз керак. Шуни таъкидлаш жоизки, Nanodegree дипломлари Google, AT&T, Autodesk, Salesforce ва бошқа кўплаб АТ гигантлари томонидан тан олинади.
Изоҳ (0)