Тошкент вилояти ҳудудида «Афросиёб» тезюрар электр поезди ҳаракатланадиган темир йўл кесишмаларида автомобиль йўли билан бир сатхда йўл ўтказгичлар қурилади. Бу ҳақда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, йўл ўтказгичлар Тошкент вилояти ҳудудида автомобиль йўли билан бир сатҳда кесишган Зангиота тумани ҳудудидаги 3384, Янгийўл тумани ҳудудидаги 3397 ва Чиноз тумани ҳудудидаги 3409 темир йўл кесишмаларида қурилади.
Бу автомобиль йўлларининг ўтказувчанлигини ошириш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида амалга оширилади. Лойиҳа давлат дастурлари асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Шунингдек, автомобиль йўлларининг ўтказувчанлигини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Навоий, Жиззах, Хоразм ва Сирдарё вилоятида автомобиль йўлларини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича тадбирлар белгиланган.
Бундан аввал Ўзбекистонда заруратга қараб кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)