Бугун, 8 ноябрь куни Халқаро матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда МСК матбуот хизмати. Мажлисда Россияда очилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Фото: AP

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов Россияда тузилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш ва Россиядаги ўзбекистонликларнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил ахборот берди.

«Россиядаги сайлов участкалари сони 2016 йилги сайловдагига нисбатан 5 тага кўпайган ва бугунги кунда 7 тани ташкил этмоқда», — деган дипломатик миссия раҳбари.

Шу йилнинг 22 декабрдаги парламентга бўладиган сайловда Россиядаги ўзбекистонликларнинг қатнашишлари учун Россиянинг турли минтақаларида сайлов участкалари ташкиллаштирилади. Ушбу участкалар Москва, Санкт-Петербург, Владивосток, Екатеринбург, Новосибирск, Ростов-Дон ва Қозон шаҳарларида жойлашган.

«МК»нинг хабар беришича, бунда, консулликда рўйхатдан ўтмаган шахслар маълум бир ҳудудда овоз бериш истагини сайловдан камида 15 кун олдин хабар бериши керак. Рўйхат 7 декабргача шакллантирилади.