Зимбабвенинг Хванге шаҳарчасида 11 ёшли қизча дугонасини тимсоҳ ҳужумидан қутқариб қолди. Махлуқ уни сув остига тортиб кетишга уринган. Бу ҳақда Bulawayo 24 хабар берди.

Фото: Bulawayo 24

Тимсоҳ қизлар дарёда чўмилаётган вақтда тўсатдан ҳужум қилган. Махлуқ тўққиз ёшли Латоя Муванининг оёғидан тишлаб сув остига тортиб кетишга уринган. Қизалоқ бақиришни бошлагач, ўзидан ёши каттароқ дугонаси ёрдам қилган.

Ребекка Мункомбве сувга сакраб тушган дугонаси ва тимсоҳ ўртасида олишув кетаётган жойга сузиб борган. Қиз тимсоҳнинг бел қисмига чиқиб олиб бор кучи билан уни ура бошлаган, бармоқларини вахшийнинг кўзларига тиқишга уринган. Тимсоҳ ҳужумлар натижасида оғзини очган ва ўлжани қўйиб юбориб сув остига равона бўлган.

Жароҳат олган қиз шифохонага олиб кетилган. Шифокорлар қизчанинг жароҳати унча оғир эмаслиги, бир неча жойи лат еганлиги ва оёғида тишлаш излари қолганлигини маълум қилган.

Зимбабве ҳудудида Нил тимсоҳлари яшайди. Махлуқларнинг узунлиги беш метргача етади ва улар жуда тажовузкор. Нил тимошлари катта ва кучли ҳайвонлар, хусусан, арслон, бегемот ёки Африка қўтосларига ҳам ҳужум қилиб, уларни овлайди.

Аввал Шарқий Африкадаги Виктория кўлида дўстлари билан чўмилаётган танзаниялик 12 ёшли боланинг тимсоҳ ўлжасига айлангани хабар қилинган.