Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россияга жўнаб кетиши олдидан журналистлар билан суҳбат чоғида Эрон ҳамда Францияга Сурия шимоли-шарқидаги ҳарбий операциялар сабаб Анқарани танқид қилганлари учун жавоб қайтарди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Эрон расмийлари билдираётган баёнотлар менга ёқмади. Ушбу фикрларни Руҳоний айтаётгани йўқ, лекин у ўз ҳукумати аъзоларини жим бўлишга мажбурласа яхши бўларди. Менга ва Туркиянинг дўстларига бу каби гапларни эшитиш ёқмайди. Ушбу гапларни Эрон расмийларининг танқидларига жавоб тарзида айтаяпман.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Туркия президенти.

Шунингдек, Эрдўғон Франциянинг Туркия Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини талаб қилганига ҳам муносабат билдирди.

Макрон менга бу ҳақда гапирмаган. У ушбу масалани террорчилар (Туркия Курдистон ишчи партияси ҳамда «Сурия демократик кучлари» гуруҳларини «террорчи» деб ҳисоблайди) билан муҳокама қилмоқда. Франция бизнинг музокараларда иштирок этмаяпти ва Туркия бу борадаги масалаларни фақат АҚШ билан ҳал қилади.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Туркия президенти.

Шунингдек, Туркия давлат раҳбари «Сурия демократик кучлари» гуруҳи жангариларнинг талабларни бажармаса ҳарбий ҳаракатлар аввалгидан ҳам кучлироқ бўлишини билдирган. Ҳозиргача хавфсиз зона ташкил қилинадиган ҳудудни 700-800 нафар одам тарк этган, яна 1300 нафар одам ҳудуддан кетишда давом этмоқда. Режага кўра Ироқдан Жераблусга қадар 32 километр кенглик ва 444 километр узунликда «хавфсиз зона» ташкил қилинади. Туркия «Тинчлик булоғи» операцияси давомида 2200 квадрат километр ҳудудни тозалаган. Ушбу ҳаракатларда 160 та фуқаролик пунктлари Анқара қўшинлари ихтиёрига ўтган ва 775 нафар террорчи нейтраллаштирилган.

Эрдўғоннинг айтишича, операция давомида 7 нафар турк ҳарбийси, 79 нафар Сурия ҳукумат қўшини аскари ва 20 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Туркия Сурия шимоли-шарқидаги курд жангариларига қарши қаратилган «Тинчлик булоғи» ҳарбий операциясини 9 октябрда бошлаган. 17 октябрда Туркия ҳамда АҚШ ўртасида ўтказилган музокаралардан кейин Анқаранинг ҳарбий ҳаракатлари 120 соатга тўхтатилган.